Хизматлар нархларида ўсиш тезлашган
Октябрда ойлик инфляция 1,2%ни, йиллик инфляция 12,2%ни ташкил этган.
Эътиборлиси шуки, статқўмимиз, инфляция кўрсаткичларини Россия ва у билан боғлиқ ё қўшни бўлиш бахтсизлигига рўпара бўлган давлатлар билан солиштира бошлаган. Лекин рўйхатга масалан, росмана мустақил сиёсат юргиза бошлаган Озарбойжон, Грузия ёки мустақиллик учун мисли кўрилмаган инфляция тарзида тўлов тўлаётган Болтиқбўйи давлатлари қўшилмаган.
Нархларга қайтамиз. Охирги марта 1,2% даражасидаги ойлик инфляция 5 йил аввал, 2017 йил октябрида кузатилган эди. Яъни, солиштирганда жорий октябрь ойи нархлар ошишида анча мўътадил ўтган.
Октябрда хизматлар 1,5%га, озиқ-овқатлар 1,4%га, ноозиқ-овқатлар эса 0,9%га қимматлаган.
Хизматларнинг юқори даражада қимматлашувига ижара нархларининг 16,1%га қимматлагани алоҳида роль ўйнаган. Яна шунингдек, ресторан ва меҳмонхона хизматлари (2,8%), соғлиқни сақлаш хизматлари (2,8%) бўйича нархлар юқори суръатда ўсишда давом этмоқда.
Октябрда тухум бирдан 14,4%га қимматлагани тан олинган. Лекин сутнинг кескин қимматлагани ва дўконлардан ғойиб бўлаётганини статистика ҳис қилмаган. Расмий статистика бўйича сут 1,1%га қимматлаган холос. Кунгабоқар ёғи (-0,5%) ва шакар (-0,6%) арзонлаша бошлагани қайд этилган.