Ўзбекистонда газ истеъмоли ошаётгани ҳақидаги гаплар бу манипуляцион миф
Ҳар йили қиш яқинлашгани сайин турли минбарлардан туриб Ўзбекистонда газ истеъмоли ошаётгани ҳақида ваъзхонлик қилиш кўпаяди. Такрорланувчи шаблон битта: аҳолимиз ўсаяпти, иқтисодиётимиз ўсаяпти, шунга яраша газ истеъмоли ўсиб бормоқда. Бу билан гўёки узилишлар, дефицит ва муаммолар нормал ҳолат, бизнинг нотавонлигимизни тўғри тушунасизлар, демоқчи бўлишади.
Аслида-чи?
Аслида Ўзбекистонда талаб ортаётгани билан табиий газ истеъмоли ўсаётгани йўқ, қайтанга расмий статистика бўйича йилдан йилда камайиб бормоқда. Мутлақ кўрсаткичда ҳам, нисбий кўрсаткичларда ҳам. Янги дейиладиган даврда газ истеъмолининг энг юқори кўрсаткичи 2021 йилда қайд этилган: 51 883,9 млн.куб. Шундан кейин узлуксиз камайиш бошланган.
Нисбий ҳисобларда эса газ истеъмоли янада юқори суръатларда қисқариб бормоқда. Жон бошига газ истеъмоли 2017 йилда 1,43 минг куб бўлган бўлса, 2023 йилда 1,32 минг кубга тушган.
Ҳар минг доллар ЯИМга тўғри келадиган газ истеъмоли қарийб 2 бараар пасайган. 2016 йилда 1 000 доллар ЯИМ учун 950 куб газ истеъмоли тўғри келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 520 кубгача пасайган. Айтишингиз мумкин, балки бу энергосамарадорлик натижасидир? Қисман шундай.
Газ истеъмолининг пасайиши бир тарафдан газ қазиб олишнинг катастрофик даражада қисқараётгани туфайли бўлса, иккинчи томондан олигарх ва чўнтаклар фойдасига экспортнинг тўхтамаётгани билан ҳам боғлиқ. Лекин истеъмолнинг қисқариши асосан газ истеъмолининг бюрократик ва маъмурий йўл билан чекланиши туфайли юз бермоқда. Ҳар йили минглаб мактаб ва боғчалар, касалхоналар ва бошқа ижтимоий объектлар газдан узилиб, кўмирга ўтказилмоқда. Иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари каби бутун бошли иқтисодий сегментларда газ таъминоти маъмурий чекловлар воситасида каррасига қисқарган. Бир неча миллиард долларга қурилган заводларда қиш давомида ишлаб чиқариш тўхтатилади.
Айни вақтда ўзи жисмонан йўқ ва тобора камайиб бораётган газга миллиардлаб долларлик қарзлар эвазига газ-кимё мажмуалари қурилмоқда ва лойиҳалаштирилмоқда.
Мана шунақа парадокс.