Газ статистикасини "подгонять" қилиш бошланганми?
Ўзбек статистикасига бўлган ишонч давлат органларида юқорими ёки оддий фуқароларда? Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Назаримизда, кенг оммада ҳалигача статистикага нисбатан қанақадир, балкий жиддий, балки бефарқларча ишонч бор, чунки уни қандай тайёрлашларини кўпчилик билмайди.
Саноат ишлаб чиқариш бўйича 2022 йил январь-октябрь статистикасига кўра, 43 786,9 млн.куб газ қазиб олинган. Ўтган йилнинг шу даврида, яъни 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида 44 239,6 млн.куб газ қазиб олингани кўрсатилиб (бу рақамни эслаб қолинг), газ қазиб олишдаги камайиш 452,7 млн.куб экани қайд этилган.
Энди Саноат ишлаб чиқариш бўйича 2021 йил январь-октябрь статистикасига мурожаат қиламиз. Айтиш керакки, буни топиш осон бўлмайди. Чунки 2021 йил декабргача бўлган саноат статистикасига оид маълумотларни сайтдан қидириб топиш негадир ўчириб қўйилган. Шунинг учун, қўмита янгиликларининг 271- саҳифасигача бирма-бир қидириб боришингиз керак бўлади.
Демак, ўтган йили эълон қилинган маълумотларга кўра, 2021 йил январь-октябрь ойларида 44 396 млн.куб газ қазиб олинган.
Бошқача айтганда, статистларимиз бу йилги маълумотларда ўтган йилги газ қазиб олиш ҳажмини камайтириброқ кўрсатган. Нега? Газ қазиб олиш ҳажми пасайиб бораётган суръатини камроқ кўрсатиш учун. Ўтган йилги асл маълумот ҳисобга олиинса, газ қазиб олиш 452,7 млн.кубга эмас, 609,1 млн.кубга қисқарган.
Қўмита шаблон тарзида айтиши мумкин, биз корректировка қилганмиз деб. Лекин кўмир, нефть, газ конденсати маълумотлари ўша-ўша, ўтган йилда эълон қилинган базавий маълумотлар. Фақат газ бўйича базавий маълумотлар "подгонять қилинган". Маҳражи камайтирилган.
Базавий, яъни ўтган йилги маълумотларни "подгонять қилиш" орқали жорий йилда статистикани чиройли қилиш усулидан ўтган ёмон замонда жуда кўп фойдаланилган. ЯИМ статистикасида ҳам, инфляция, даромадлар статистикасида ҳам. Чунки чиройли рақамлар бу давлат сиёсати ва мафкураси бўлган.
Шу мафкура яна қайтаётганга ўхшайди. Ҳозирча энг катта ўғирликлар ва манпуляциялар макони бўлиб қолаётган газ соҳаси статистикаси бўйича.