Prof. Sherzod kanalidan
Алишер Файзуллаев домла билан суҳбатим ҳақида
Охирги икки ёзув подкаст ҳақида бўладиган бўлди 😊
Бир неча кун олдин профессор Алишер Файзуллаев мени ўз Ютуб каналида бўладиган суҳбатга таклиф қилдилар. Таклифдан бошим кўкка етди. Алишер акани кўп йилдан бери танийман, у кишини Ўзбекистоннинг энг зиёли инсонларидан деб биламан. Ўзбекистоннинг Лондондаги фавқулодда ва мухтор элсичи бўлиб ишлаганлар (Ютуб каналларида ўша йилларда олинган видеолари ҳам бор), мен ўқиган даврларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида проректор бўлганлар. Талабалик давримда Беруний мукофотини олганимда Алишер ака ўзлари тақдим қилиб, табриклаганлар.
Суҳбатимиз мен учун жуда қизиқарли бўлди. Алишер ака каби суҳбатдош билан илм-фан, университетлар, сунъий идрок, китоб ўқиш ва шунга яқин мавзуларда гаплашиш ажойиб. Бунинг сабаби, у киши ўзлари илмий тадқиқотда жуда фаол бўлиб, дунёнинг нуфузли дипломатия, психология, музокараларга оид журналларида мунтазам мақола чиқариб турадилар. Университетлар қандай ишлайди, маъруза ёхуд тадқиқот қандай қилинади ва ҳоказо мавзуларни яхши тушунадилар.
Суҳбатни мана бу ҳавола орқали кўриш мумкин. Ўқувчиларимга Алишер аканинг Ютуб каналига аъзо бўлиб қўйишни тавсия қиламан—у ерда қизиқарли суҳбатлар мунтазам эълон қилинади, барчага фойдаси тегадиган материаллар кўп.
@profsherzod