S&P Global газ тарифларини 2025 йилдан кейин ҳам оширилишини истисно этмаяпти
Газ қазиб олишни узлуксиз қисқартиришда давом этаётган Ўзбекнефтегаз бўйича S&P Global рейтинг ҳисоботига кўра, компаниянинг ликвидлилиги ҳукумат қўлловига ва мавжуд мажбуриятларни қайта молиялаштириб (қарзлар муддатини узайтириб ёки эски қарзларни янгиси билан ёпиб) туришига боғлиқ. Яъни бўғзигача қарзга ботган ва келаси йилда яна 2 млрд.доллар қарз олишни режалаштираётган монополист севимли пудратчилари ва самарасиз схема лойиҳалари учун солиқ тўловчиларни товон тўлаттиришда давом этадиган кўринади. Афсуски, бу ҳаммаси эмас.
2024 йилда тарифлар каррасига оширилгани ва 2025 йил апрелдан яна оширилиши охиргиси бўлмайдиганга ўхшайди. S&P Global тарифларнинг 2025 йилдан кейин ҳам ошириш бўйича музокаралар кетаётганини қайд этмоқда. Агентлик 2025 йилдан кейинги йилларда (ҳар июнда) тарифлар инфляцияга мувофиқ оширилиб борилишини ҳисобга олмоқда.
Ҳукумат ўзбек иқтисодиётини тубга индираётган зараркунанда энергетикани субсидиялаш 2028 йилгача давом этишини тан олган ҳолда, 2025 йилдан кейинги даврда тарифларнинг ўзгаришсиз қолиши бўйича кафолат тугул, бирон-бир ишора бергани йўқ.