

Фарғона шаҳридаги АЁҚШда содир бўлган ёнғин бир қатор жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди. Нега бундай авариялар ҳали ҳам содир бўляпти? АЁҚШларни қуриш ва уларнинг фаолияти давомида хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилиняптими? Бу каби объектларнинг жойлашуви, техник ҳолати ва стандартларга мувофиқлиги қанчалик назорат қилинади?
Бу ҳодиса юзасидан депутат Жавлон Абдуллаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига депутат сўровини юборибди. Сўровда объектнинг лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва реконструкция қилиниши қонун талабларига қай даражада мос экани ва бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида маълумот сўралган.
Бу ҳолат тизимли ёндашув зарурлигини бизга яна бир бор кўрсатиб қўйди. АЁҚШлар фаолиятини тўлиқ назорат қилиш, хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш, техник кўрикларни ўз вақтида ўтказиш, шунингдек, аҳолига яқин жойларда бундай объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслик долзарб масалалардан бири бўлиб қоляпти. Инсон хавфсизлигини таъминлаш ҳамма нарсадан устун эканлигини унутмаслигимиз керак.