Депутатлик сўрови етарлими?
Кейинги ҳафталарда қатор депутатларнинг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бўйича вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови билан мурожаат этаётганликлари хурсанд қилмаслиги мумкин эмас.
Лекин бу сўровларга қандай жавоб берилгани, қандай кўринишда берилгани, сўровдан кейин нима ўзгаргани бюрократик пардалар ортида қолиб кетаверади. Шу билан қарабсизки, қачонлардир кўтарилган оғриқли муаммо ижтимоий хотирадан сўнади. Вақт ўтиб актуаллиги йўқолмасада, жамоавий қўл силтанади. Бюрократия буни жуда яхши билгани учун кўп фойдаланади ҳам.
Парламентнинг аввалги таркибида ҳам айрим депутатлар резонансли масалаларда кўп марта сўров юбориш ҳуқуқидан фойдаланишган. Лекин жавоблар кўп ҳолатларда айниқса масалан, энергетика, транспорт, солиқ имтиёзлари ва преференцияларига тааллуқли бўлганида ХДФУ кўринишида берилади (энергетикага, транспортга, имтиёз ва преференцияларга оид қарорлар яширин ва ёпиқ кўринишда қабул қилиниши туфайли). Табиийки, бундай жавоблар очиқланмайди. Баъзида депутатларнинг ўзлари ҳам махсус конвертда келадиган бу кўринишдаги хатларни, ахборот жавобгарлиги оқибатларини ҳисобга олиб очишмайдиям. Депутатлик сўровига жавоб бериш мана шунақа айёр-тайёр “отписка”га айланиб қолган.
Қачонлардир, янги давримизнинг халқда эркинлик атри ва бюрократияда мулоқот ва ҳисобдорлик масъулияти мавжуд бўлган 2019 йилда депутатлик сўровлари Бош вазир ҳузурида муҳокама этилиши, сўровда қўйилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш устувор масала сифатида кўрилиши ҳам эълон қилинганди. Ҳозир, 2024 йилнинг туманли даврида буни ким ҳам эсларди.
Шу маънода депутатларимиз сўров юбориш билан чекланмай, резонансли ва оғриқли муаммолар кўтарилганида масъул вазир ва раҳбарларни парламентга чақириш, жонли эфирда савол қўйиш, ҳисоб ва ҳисобот сўрашни бошлаш самаралироқ бўларди. Конституция сиз депутатларга шундай ваколат берган.