Қозоғистон Миллий банки тенге курсини барқарорлаштириш учун олтин тушумлари доирасида валюта сотишга ўтади
Қозоғистон Миллий банки худди Ўзбекистон Марказий банки сингари мамлакатда ишлаб чиқарилган олтиннинг ягона сотиб олувчиси ҳисобланади. Лекин Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қозоғистон Миллий банки сотиб олинган олтин доирасида валюта сотмаган, яъни олтин сотиб олиш учун муомалага чиқаприлган тенге асосан монетар воситалар (облигациялар ва депозитлар) орқали "утилизация" қилиб келинган.
Охирги ойларда рубль курсининг кескин пасайиши фонида тенге қийматининг пасайиши анча тезлашди (йиллик қадрсизланиш 18%, кейинги 6 ойда 12,5% атрофида). Қозоғистон, афсуски, ЕОИИ аъзоси ва Россиядаги салбий иқтисодий ҳолатлар (бу тақиқларми, инфляциями ё курс пасайиши) дарҳол қардош Қозоғистонга салбий таъсир ўтказади.
Тенге курсини барқарорлаштириш учун бир марталик интервенциялар ҳозирча самара бераётгани йўқ. Шунинг учун Қозоғистон Миллий банки тизимли ҳаракатларга ўтмоқчи, хусусан сотиб олинган олтин доирасида валюта сотиш бошланади. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки раиси Тимур Сулейменов асосий ставка бўйича ўтказилган брифингда маълум қилган (14:30 минутдан кўрсангиз бўлади). Демак, эндиликда, Қозоғистон ҳам худди Ўзбекистон каби олтин билан боғлиқ операцияларда "кўзгулаштириш" ва "нейтраллик тамойилини" ишга туширади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу чораларни 2017 йилдан буён қўллаб келади (гарчи айрим даврларда, масалан, 2023 йилда "захиралар нейтраллиги позицияси" бузилиб, сотиб олинган олтиндан кўпроқ валюта сотилган бўлса ҳам).
Қозоғистон олтин-валюта захиралари таркибида олтин улуши 50% атрофида (бизда 80% атрофида). Қардошларда йилига 70 тоннагача олтин ишлаб чиқарилади (бизда 110 тонна атрофида). Олтин тушумлари доирасида валюта сотишга ўтилиши бозорга ҳар ойда 500 млн.долларгача қўшимча валюта таклифи бериши мумкин бўлади. Мазкур қарор гарчи вазиятни кескин ўзгартирмасада, аҳоли ва бизнес учун тинчлантирувчи ва юмшатувчи таъсир ўтказиши кутилмоқда.
- https://www.youtube.com/live/pcxXKx7XOCYyoutube.com
- https://t.me/the_bakiroo/7207@the_bakiroo