Қозоғистондаги беқарорлик рубль курсига таъсир кўрсатаяпти
Қарийб беш кундан буён давом этаётган норозилик акциялари ва кеча атайин мақсадли тарзда уюштирилган провокацияларга қарамай қозоқ тенгесининг долларга нисбатан курси барқарор қолмоқда. Банкларда (онлайн) ҳам, айирбошлаш шохобчаларида ҳам доллар/тенге жуфлигининг котировкалари 435-437 оралиғида ўзгармай турипти.
Лекин Россия рублига нисбатан бундай дейиш мумкин эмас. Доллар/рубль жуфти 2021 йилни 74,5 атрофида тугаллаган бўлса, бугун тонгда ОДКБ интервенцияси хабарлари ортидан мазкур жуфтлик 77,30гача кўтарилди.
Ҳатто нефть нархларининг ошаётганлиги ҳам рублга ёрдам бера олаётгани йўқ.
Халқаро инвесторлар Қозоғистонда бўлиб ўтаётган воқеалар ва воқеаларга ОДКБ ниқоби остида Росссиянинг аралашуви риск оқибатларини асосан рубль ва рус қоғозларида кўришмоқда. Бугун эрталабдан Газпромдан тортиб Яндексгача бўлган акциялар 4-5% атрофида арзонламоқда.
Тўғри, халқаро майдончаларда савдо қилинадиган қозоқ акциялари ва облигациялари қийматида ҳам йўқотишлар мавжуд. Душанбадан буён Kazatomprom 10 % атрофида, Halyk Bank 20%, Kaspi эса 30% атрофида бозор қийматини йўқотди.
Шунингдек, Миллий банк ва Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги тарқатган маълумотга кўра бугундан бошлаб тижорат банклари ва фонд биржаси фаолияти номаълум муддатгача тўхтатилган.