Рубль курси тушишини ҳозирча сателлит давлатлар валюталари ҳис қилмаяпти
Январнинг охиридан февралнинг охиригача бўлган даврда долларнинг рублга нисбатан қиймати 69дан 76гача, яъни 10%дан зиёдга кўтарилди. Хитой юанининг рублга нисбатан қиймати эса 10,10дан 11,00гача ошди.
Аввалги йиллари, одатда рубль динамикасини қозоқ тенгеси ва қирғиз соми реал режимда, ўзбек сўми эса бир муддат ўтиб такрорлашни бошларди. Бу йилги вазият ўзгачароқ кечмоқда.
Ўтган 1 ойда қозоқ тенгеси рубль ҳаракатига нисбатан тескари, яъни мустаҳкамланиш динамикасини намоён этди. Долларнинг тенгега нисоби ўртача 461дан 449гача тушди. Қирғиз соми эса 1,5% атрофида йўқотишга учради. 30 кун давомида 1 долларнинг қиймати 86,1дан 87,4гача кўтарилди.
Ўзбек сўмининг қийматидаги ўзгаришлар эса статистик хатолик, яъни 0,5%дан камроқ кўринишда юз берди. 30 кун давомида долларнинг сўмга нисоби 11292,69дан 11 338,09гача кўтарилди. Ой давомида рублнинг сўмга нисбатан қиймати ўртача 164дан 150гача тушди.
Айтиш керакки, рубль динамикаси ўзбек банкларида нақд валюта билан боғлиқ айрим диспропорцияларни йўққа чиқаришга ёрдам берди. Ҳозирда аксар тижорат банкларида ортиқча нақд валюта ликвидлиги кузатилмоқда ва айрим банклар сотув курсларини деярли расмий курс даражасида ушлашмоқда. Қатор банклар эса ёзда нақд валюта билан боғлиқ киритилган талабларни бироз юмшата бошлашган.
Мазкур сокинлик бир жиҳатдан иқтисодий фаолликни сусайгани билан боғлиқ бўлса, бошқа бир жиҳатдан ўтган йили кузатилган товар ва спекулятив операцияларнинг пул ўтказмалари каналларига босими пасайганидан ҳам бўлиши мумкин.
Албатта валюталаримизнинг рублга боғлиқлиги кўринмаётгани вақтинчалик кузатилаётган ҳолат холос. Реалликда Ўзбекистон ва қўшниларимизнинг Россияга боғлиқлиги ташқи савдода ҳам, трансфертларда ҳам юқорилигича қолмоқда. Ўрта ва узоқ истиқболда барча каналлар бўйича ушбу боғлиқликни биргаликда камайтириш стратегияси ишга тушмоғи лозим.