Мегафон АҚШ санкциялари рўйхатига кирди
Кеча очиқланган санкцияларга кўра, рус олигархи Усманов томонидан назорат қилинадиган Мегафон компаниясига нисбатан экспорт чекловлари қўлланилиши белгиланган.
Эътиборлиси уч кун аввал Мегафон Диджитал инвест МЧЖдаги 50%лик улушини USM Telecom'га сотгани маълум бўлганди. Диджитал инвест МЧЖ эса таркибига Ucell бренди остидаги уяли алоқа компанияси, маркировкалаш монополисти CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan улушлари ўтказиб берилган Digital Holding'нинг 51%ини назорат қилади.
Икки йил аввалги қарорга кўра, «Digital Нolding» МЧЖга бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилган. Хусусан, «COSCOM» МЧЖ, «CRPT Turon» МЧЖ, «ICS Нolding Uzbekistan» МЧЖ ва «Digital Нolding» ҚК МЧЖнинг бошқа шўъба корхоналари фойдасини тақсимлашда ва дивидендларни тўлаш жараёнида тўлов манбаида юзага келадиган дивидендлар кўринишидаги даромадлардан келиб чиқадиган фойда солиғидан озод қилинган. «Digital Нolding» ҚК МЧЖ ва унинг шўъба корхоналари тўғридан-тўғри музокаралар асосида тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан харидларни амалга оширади.
Ўтган икки йил давомида Давлат активларини бошқариш агентлиги МЧЖ шаклида тузилган Digital Holding'нинг 49%ини бошқарувчиси сифатида қанча дивиденд олгани номаълум. Digital Holding бирон марта молиявий натижалари ва муҳим ахборотларини очиқламаган.