20 кун аввал Президент тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмаслиги, балки қонун олдида жавоб бериши ҳақида айтиб ўтганди. Шу масаладаги фикрлар билан ўртоқлашиб, охирги бир йилда Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бир тийинга айланганини кўрсатувчи учта рамзий воқеликни санаб ўтгандим. Шундан иккитаси - "Янгиобод" турбазаси ва «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси бўйича умид бергувчи суд маҳкамалари бўлиб ўтди.
Бундан хурсандманми? Йўқ, хурсанд эмасман. Нега?
Чунки, мулк ва бизнесни тортиб олиш бўйича ноқонуний процесслар бўйича зўравонлик ҳаракатлари тўхтатилишининг ва ҳатто мулклар, ҳуқуқлар қайтариб берилишининг ўзи етарли эмас. Токи бу ишларни бошида турганлар, ҳаттоки у ҳукумат аъзоси бўлса ҳам, жазосини олмагунча, моддий ва маънавий зарарларни қопламагунча ҳеч нарса ўзгармайди, бундай жирканч жараёнлар такрорланаверади. Бульдозерлар бузғунчилигини давом эттираверади.
Тарихимизда бунга мисоллар кўп. Чўлпон 1937 йилда қамалган, 1957 йилда оқланган. Лекин уни сотганлар, туҳмат қилганлар, отганлар жазосини олмаган, ҳаттоки қораланмаган. Чўлпонни сотганларга мамлакатда ҳайкаллар қўйилган ва бу ҳайкаллар ҳалиям қўр тўкиб турипти.
Шунинг учун ҳам, ярим йўлда қолдирилган чала маҳкамалар бўлгани учун ҳам шахсга ҳам, бизнесга ҳам қарши жиноятлар тўхтаётгани йўқ.
Шавкат Раҳмон "Кутилмаган сийлиқлар" шеърида ёзганидек ғалати бир ҳолат ҳалиям иқтидорда:
"ким гўштдор қўлини қўяр елкангга,
гўёки отангни ўлдирган қотил
бошқача ниқобда таскин бергандай"
08.06.2020 йил ҳолатига мулк дахлсизлигини бузган ва жазоланган чиновниклар рўйхатида биронта фамилия тиркалмаган.
@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/901@the_bakiroo