Кредитларни қайта молиялаштириш бозори тиниқлашадими?
Марказий банк
кредитларни қайта молиялаштириш бозорини ривожлантириш бўйича қатор ўзгартиришларни анонс қилмоқда.
Ўзгартиришларга кўра:
- қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобида қайта молиялаштирилаётган кредит бўйича тўловлар инобатга олинмаслиги;
- қарз олувчиларнинг бошланғич қарзини қайтариш мақсадида уни мақбул шартларда бошқа кредит шартномасини тузишга рағбатлантириш инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиёти сифатида кўриб чиқилмаслиги;
- қайта молиялаштириш натижасида 30 кундан ошмаган муддат учун ҳисобланган фоизлар капитализация қилинган кредитлар шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар сифатида баҳоланмаслигини назарда тутилмоқда.
Кредитларнинг қайта молиялаштириш шу пайтгача ҳам соф банк маҳсулоти сифатида мавжуд бўлган бўлсада, амалда уни ё кредитни кредит билан сўндириш ёки кредит шартларини қайта кўриб чиқиш билан чалкаштириш кўп учрайди, яъни жараёнда кўп масалаларда тиниқлик йўқ. Энди регулятор бу бўйича қатъий мезонлар ва пруденциал чоралар белгилаши керак бўлади.
Кутилаётган ўзгартиришларни соддароқ тушунтирсак, айтайлик, фуқаро ё тадбиркор аввал олган 30%лик кредитини бозордаги қулай конъюнктуравий вазиятдан келиб чиқиб, масалан, 27%дан ё сузиб юрувчи ставкада ўзининг банкида ёки бошқа банкда қайта молиялаштириб олиши мумкин бўлади. Банклар ўртасида рақобатнинг ошиб бораётгани ва фоиз ставкаларининг пасайиш тенденцияси мавжудлигида бу қарздорларнинг қарз юкини самарали бошқариш имкониятларини яратади.