Жамғармаси йўқлар улуши юқорилигича қолмоқда
Осиё тараққиёт банки молиявий оммабоплик даражасини баҳолаш бўйича ҳисоботи билан бўлишмоқда.
Аҳоли молиявий саводхонлиги даражасини баҳолаш бўйича Марказий банкка кўмаклашиш доирасидаги тадқиқотда 6та ҳудуддан 1200 нафар респондент иштирок этган.
Сўровнома хусусан, ҳалигача Ўзбекистонда жамғариш даражаси пастлигича қолаётганини кўрсатган. Ўтган йилда сўралганларнинг 39%и умуман пул жамғармаган (йил бошидаги Марказий банк ҳисоботида ҳам жамғармасизлар улуши 40% атрофида экани кўрсатилганди).
Шимолий-ғарбий ҳудудларда пул жамғармаси йўқлар улуши янада кўпроқ (54%). Шунингдек, аёллар (41%), тўлиқсиз ўрта маълумотлилар (53%), кам даромадлилар (47%), нафақахўрлар (46%) орасида жамғармага эга бўлгмаганлар улуши ўта юқорилигича қолмоқда.
Ўзи умуман ҳисоботдаги тадқиқотлар натижалари бир аниқ картинани беради. Молиявий саводхонлик юқори эмаслигининг асосий сабаби пулнинг (даромадларнинг) ўзи йўқлигида. Пул пайдо бўлиши (даромадлар ўсиши) билан ҳар қандай индивиднинг қарор қабул қилишдаги саводхонлиги ошиб бораверади. Бугун топган даромадини бугун ишлатадиган, ойликдан-ойликка, пенсиядан пенсияга учма-уч қадаб яшайдиган ўзбекистонликлар учун чақириқлар ишламайди.