Пенсия ёши ва бадалларини оширишга мандат борми?
2024 йил октябрдаги парламент сайловларида биронта партия пенсия ислоҳоти, хусусан, пенсия ёши ва бадалларини ошириш масаласини кўтармаган. Яъни, партиялар ҳам, уларнинг кўп мандатли округларида кўрсатган номзодлари ҳам сайловчиларга қарата "биз кўп ўрин эгалласак, албатта, пенсия ёшини камида 5 ёшга кўтарамиз, бадалларни оширамиз, бюджетга босимни камайтириш учун бундан бошқа чорамиз йўқ" дея рўй-рост чиқмаган.
Қизиғи, сайлов натижалари бўйича ноябрда тақдим этилган 5 йиллик ҳаракат дастурида ҳам (яқин давр ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури) пенсия ислоҳотига умуман тўхталинмаган.
Буям майли. 2 ой аввал қабул қилинган "2025 — 2030 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси"да ҳам бюджет мувозанати учун пенсия ислоҳотига зарурият мавжудлиги баён қилинмаган.
Энди сайловлардан 9 ой ўтиб-ўтмай, нафақат бугунги пенсионерларни, кейинги бир неча авлод авлод пенсионерларининг ҳам кайфияти ва аҳволини белгилайдиган, нафақат бугунги қарор қабул қилувчилар, келгуси янги ва янги даврларнинг қарор қабул қилувчилари кун тартибига таъсир этувчи пенсия ислоҳоти ҳақида сўз очилмоқда (очилгандаям, халқаро ташкилотлар воситасида).
Албатта, айтишингиз мумкин, биз эркин демократик давлат эмасмиз, халқдан сўраб ўтирилмайди, алоҳида мандат шартмас деб. Лекин унда, энг оғир ва бир неча ўнйилларга етадиган мураккаб оқибатли ислоҳотлар учун халқ олдидан ўтилмаса, очиғини айтиб мандат олинмаса, унда ишонч ва қўллов қандай бўлади? Ишонч бўлмаса, қўлловсиз бошланган ислоҳот қанчалик халқ фойдасига бўлиши мумкинми?