Пенсия ислоҳоти “энергетика ислоҳоти” хатоларини такрорламайдими?
ХВЖ хулосаларида Ўзбекистоннинг амалдаги пенсия тизими ислоҳотларга муҳтожлиги, пенсия ёшини ошириш, имтиёзли ставкаларни бекор қилиш ва тўловларни автоматик индексациялашга ўтиш каби таклифлари халқона ислоҳот умидларидан кўра, хавотирларни уйғота бошламоқда.
Бежизга Пенсия жамғармаси дарҳол Ўзбекистонда яқин кунларда пенсия ёши ошириш тўғрисида ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмагани ҳақидаги баёнот билан чиққани йўқ. Чунки маҳалла-кўйда, тармоқларда ва ишхоналарда одамлар навбатдаги ислоҳот ҳам уларнинг манфаатига ишламаслиги тўғрисида қайғура бошлаган. Очиғини айтганда, “энергетика ислоҳоти” чуқур муаммоларни ечмагани, таъминотни барқарорлаштирмагани ва эркин бозорга элтмагани, фақат нархларни ошириш билан билан якун топганидек, “пенсия ислоҳоти” ҳам пенсия ёшини ва бадалларни оширишдан бўлак мақсадларни кўзда тутмаётгани борасида улкан ижтимоий ишончсизлик мавжуд. Худди “энергетика ислоҳотида” бўлгани каби ўзгаришлардан кейин пенсия юкламасидан бўшаган бюджет маблағлари яна тор чўнтак манфаатлари учун тақсимланиши истиқболи бизни кутаётгандек.
Ростанам, узуқ-юлуқ ахборотлардан билиш мумкинки, пенсия тизимида кутилаётган ноу-хау базавий қоидаларни эмас, техник ўзгартиришларни ўз ичига олган холос. Пенсия тизимининг юкламасини демография ва меҳнат бозоридан ташқарида шаклланиши, жамғариб бориладиган пенсия тизими, шунингдек, мустақил пенсия фондларидан иборат мутлақо янги тизим муҳокамада умуман йўқ. Бугунги қарияларга бугунги ёшлар пенсия тўлайди. эртанги қарияларга эртанги ёшлар пенсия тўлайди, қабилидаги советча тизимга бироз косметик фасад пуркашдан нарига ўтилмаса, нафақат бугунги 5 миллион пенсионер, яқин 20-30 йилда пенсия ёшига етадиганлар ҳам қариликни қашшоқлик ва муҳтожлик хатари билан қарши олишга тайёр бўлаверишлари керак.
Энг ёмони нима биласизларми, халқаро экспертлар, казо-казо ташкилотлар ва ёпиқ кабинетларда муҳокамалар бўлаётган бўлиши мумкин. Лекин пенсия муаммоси ва ташвиши елкасида бўлган Ўзбекистонликлар билан бу борада ҳеч қандай диалог йўқ.