Сценарийлар ва қарорлар ҳақида
Қозоғистон иккинчи ёпилиш билан боғлиқ сценарийларни муҳокама этмоқда. Чунки оғир вазият, унинг қандай ривожланиши мумкинлиги очиқ-ойдин тан олинмоқда. Нурсултондаги мураккаб вазият ҳақида "душман" овозлар эмас, блогерлар эмас, расмий ҳукуматга тегишли манбалар очиқ хабар бермоқда.
Чунки очиқ статистика, реал вазият ҳақида тасаввур бўлгандагина тўғри қарорлар қабул қилинади.
Вирус ёлғон ахборотларни эшитиб, чўчиб кетиб, ортга чекинмайди.
Кеча Шаҳноза Ҳасанова коронавирусдан вафот этган шифокор отаси билан бирга яна иккита 30 ёшлар теграсидаги коронавирусдан ўлган беморлар ҳам дафн этилганини айтди. Бу сўзлар на рад этилди ва на тан олинди. Шифокорнинг вафот этгани ҳақида нега 2 кун ўтиб, 28 июнда расман эълон қилингани борасида ҳам жимлик сақланмоқда.
Бугун эса Навоий вилоятида вирусга чалинганлар бўйича расмийсидан фарқланувчи ўзгача статистика мавжудлиги ҳақида иддаолар пайдо бўлди. Бу хабарга ҳам муносабат билдирилгани йўқ.
Корея, Тайван ва Сингапур тажрибасида кўрдикки, ахборотнинг максимал очиқлиги вирусга қарши курашиш учун асосий қуроллардан бири. Хабардор фуқаронинг касалликка чалиниш эҳтимоли бир неча карра камаяди.
Умид шуки, майли оммага қайта ишланган, бир неча кунга ортда қолаётган статистика тақдим этишаётган бўлсин, лекин тепада, қарор қабул қилувчилар орасида реалликдан кимдир хабардор бўлсин, ишқилиб.
Яна бир масала. 10 кун аввал Махсус комиссия қарорига кўра тегишли ҳудудда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шахсан жавобгар этиб қўйилганди.
Махсус комиссиянинг бу қароридан кейин ҳоким асл статистикани яширишни бошлаши ёки рақамларни хаспўшлаши мумкинлиги ҳақида айтилганди. Хўш, ўша ғалати қарор эпидемиологик вазиятни яхшиладими?