Биринчи июль тезислари
Банк иши ва фаолиятининг энг замонавий стандартларига тўғри келувчи "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунимизнинг 62- моддасида хусусан, шундай ёзилган:
Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланади.
Янги эпоханинг илк популизм даврида эса "Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 3620- сонли қарор қабул қилинган, унда жумладан қуйидаги талаблар белгиланган:
Кредит ташкилотларига кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисобрақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка ундириш тақиқланади.
Банк амалиётида афсуски, қонун эмас, қонундан устуворлик жиҳатдан иккинчи даражали бўлган ва ҳатто унга зид бўлган мана шу қарор талаблари қўлланилади. Назоратчилар бу талабларни ҳисобга олиб жазолайди. жарима солади, огоҳлантиради.
Бу ҳаммага банкларга ҳам, давлатга ҳам ва ҳатто ўша арзонроқ кредитга даъвогар бизнесга ҳам зиён экани шунақа қарор чиқарувчиларга қизиқ эмас. Ўшандан буён банклар қанча шартли даромад йўқотди, олинмаган даромадлардан бюджетга қанча солиқ тушмади, кредит олмоқчи бўлган бизнес корчалонларга қанча пора берди - бунинг ҳисобини ҳеч ким юритмаган.
Ўтган 2 йилда нима учун кредитларнинг фоизлар ставкалари ўсди, ўсиб борди, албатта бунинг бош сабаби пул нархи, инфляция ва рисклар билан боғлиқ. Лекин муҳим бўлган омиллардан яна бири айнан кредит билан боғлиқ комиссияларни олишга тақиқ қўйилгани ҳам эди. 2018 йил комиссиялар билан боғлиқ тақиқларнинг пайдо бўлиши билан кредитлар бўйича фоиз ставкалари хоҳ миллий, хоҳ хорижий валютада бўлсин асосан ўсиб бориш тенденцияда бўлди.
Нима демоқчиман, табиатга қарши юриб бўлмайди, бозорга қарши бориб бўлмайди, қонунга ҳам. Сув ирмоғини топгандек, яна янги ирмоқ топиб кетилаверади. Лекин янги ирмоқлар топилгунча шиддат ва самарадорлик пасаяди, қанча сувлар қумга сингади, ҳавога буғланади.
@the_bakiroo