Сертификатланмаётган музлаткичлар муаммосида жамоатчилик муҳокамаси иш берди
Алкоголсиз ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (UzBev) мартдан бери божхонада тўхтаб турган 5 мингга яқин витринали музлаткич сертификациядан ўтказилиб, савдо нуқталарига етказилганини маълум қилмоқда.
Бу масала ўтган ой жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилганди. Уюшма раҳбари Альфия Мусина блогер ва журналистларнинг эътиборидан кейин масала жиддий кўриб чиқилганини айтди. Ҳозир эса «Ўзстандарт» (Техник тартибга солиш агентлиги) томонидан мувофиқлик декларациясини жорий қилиш ишлари кетаётгани айтиляпти. UzBev мана шу жараённи халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш таклифи билан чиқяпти. Яъни қўл режимида ишлашни тўхтатиш, қоидаларга амал қилиш керак. Ҳар гал ҳам муаммоларни қўлда ҳал қилиш амалиёти иш бермаслиги мумкин. Хатога йўл қўйганларнинг масъулияти ва жавобгарлиги кўтарилмаса, муаммолар такрорланаверади.
Эсингизда бўлса, бу масала 27 июнь куни соҳа ва уюшма раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ҳам кўтарилган. Унда Президентнинг 18 апрелдаги фармонига қарамай, импорт музлаткич ва соауткичларни расмийлаштиришда асоссиз сансалорлик борлиги айтилганди.
Ҳозир, энг муҳими — бу муаммо оммавий ва очиқ муҳокама орқали ҳал қилингани. Қолаверса, Савдо-саноат палатаси ҳам бу жараёнда фаол модератор сифатида ишлади дейиш мумкин. Мавжуд механизм орқали муаммо кенг муҳокамага чиқарилди, тегишли идоралар муносабат билдиришга, статус-квони тиклашга мажбур бўлди.
Палата ҳар бир тадбиркорнинг таклиф ва муаммоларини эшитишга, ечим беришга ҳаракат қилаётгани яхши. Бу борада ишбилармонлар билан очиқ мулоқот ҳам ҳақиқий таъсир кўрсатувчи воситага айлангани ҳам анча ижобий ўзгариш.