Тадбиркорлар тизимни яхшилашга ҳисса қўшаётган кучга айланмоқда
Президентнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти яқинлашмоқда. Тан олиш керак, бу мулоқот давлат ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган, тадбиркорларнинг таклифларини амалий қарорларга айлантирадиган муҳим майдон бўлиб қолди.
2025 йилги учрашувда илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорларнинг мингга яқин ташаббуси қонун ва қарорларда ўз аксини топгани айтилган эди. Ўтган йили тайёргарлик жараёнида 26 та соҳанинг қарийб 7 минг вакили билан учрашилиб, колл-марказ орқали 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббус қабул қилинган.
Бу йил ҳам Савдо-саноат палатаси бошчилигида бизнес вакилларини эшитиш, уларнинг таклиф ва кутилмаларини ўрганиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги бир ярим ойнинг ўзида чорвачиликдаги ер ва солиқ масалалари, маркетплейслар орқали савдо қилиш, хусусий сектор фаолияти, узумчилик ва виночилик, ижро ҳужжатлари ҳамда давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича қатор очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Бу жараёнда бир ижобий ўзгаришни алоҳида эътироф этиш керак: мурожаатлар, кўтарилаётган масалалар ва мулоқотларнинг сифати сезиларли даражада ошган.
Илгари тадбиркорлар кўпроқ қуйи бўғиннинг ўзида ҳал қилиниши мумкин бўлган маҳаллий ва шахсий масалаларни кўтарган бўлса, бугун вазият анча ўзгарган. Энди мулоқотларда бир корхона ёки бир тадбиркорнинг манфаатидан кўра, бутун тармоқ ва бизнес ҳамжамияти учун аҳамиятли масалалар кўпроқ муҳокама қилинмоқда.
Тадбиркорлар фақат тайёр ечимни кутиш билан чекланиб қолмаяпти, аксинча тизимдаги мавжуд имкониятларни янада кенгайтиришга интилиб, қонунчиликни такомиллаштириш, рақобат муҳитини янада соғломлаштириш, янги бозорларга чиқиш ва хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини кенгайтириш бўйича пухта ва асосланган таклифлар билан фаол иштирок этмоқда.
Бу бизнес вакилларининг профессионал ва интеллектуал жиҳатдан ўсиб, масалаларга кенгроқ ва стратегик нуқтаи назардан қарай бошлаганининг яхши белгиси. Энг муҳими, тадбиркорлар энди фақат ўз муаммосини ҳал қилишни эмас, балки бошқалар учун ҳам ишлайдиган тизимни шакллантиришни ўйламоқда.
Энди ушбу таклифларни умумлаштириб, Президент билан очиқ мулоқот арафасида уларни янги имкониятлар, енгилликлар ва амалий ечимларга айлантириш муҳим. Чунки кучли бизнес муҳити фақат имтиёзлар билан эмас, профессионал тадбиркорлар ҳамжамияти, сифатли мулоқот ва эшитилган таклифларнинг қарорларда акс этиши билан шаклланади.
- https://president.uz/uz/lists/view/8397president.uz
- https://t.me/the_bakiroo/12729@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/12735@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/12801@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/12995@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/13000@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/13026@the_bakiroo