
Uzum ва PUBG MOBILE 5 минг нафар болани мактаб анжомлари билан таъминлайди
Uzum, PUBG MOBILE ва «Она» жамоат фонди Билимлар куни муносабати билан «Яхшилик Airdrop’и» хайрия лойиҳасини йўлга қўймоқда.
Лойиҳа доирасида PUBG MOBILE ўйинчиларининг махсус тадбирдаги фаоллиги эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб тўпламларига айлантирилади. Ҳамжамият қанчалик фаол бўлса, Uzum ва PUBG MOBILE шунчалик кўп тўпламни молиялаштиради. Ўйинчилардан эса ҳеч қандай маблағ талаб қилинмайди.
Ташаббус орқали янги ўқув йилига қадар 5 минг нафар болани рюкзак, дафтар, қаламдон, ручка ва бошқа зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш режалаштирилган. Тўпламларни ҳудудлардаги болаларга етказиш билан «Она» фонди шуғулланади.
Airdrop ўйинда энг зарур пайтда келадиган ёрдамни англатади. Бу гал у виртуал ресурс эмас, минглаб болаларнинг мактабга тайёр ва ишонч билан бориши учун амалий кўмак бўлади.
Бизнес, технология ва ўйин ҳамжамиятини аниқ ижтимоий мақсад атрофида бирлаштираётган бундай ташаббуслар кўпайиши керак. Маркетингнинг жамият учун ҳам манфаат келтира олишига яхши мисол.