Ўртамчилар боқиладими, боқимандаларми ёки бўрдоқилар?
Чорвачилик ўта паст рентабелли соҳа. Чорва ёки озуқа сотиб олишда орага амалдорми ёки ўзини таъминотчи дегич аждарҳо қўшилдими — урди худо. Лойиҳа аввалбошдан иқтисодий самарасизга айланади. Энди бу лойиҳани арзон кредит ё солиқ имтиёзлари билан қўллашдан маъно йўқ, чунки ҳали лойиҳа бошланмасиданоқ унинг рентасини амалдор ва воситачи еб бўлди.
2017-2024 йилларда мисли кўрилмаган маблағлар ажратилганига қарамай чорвачиликда кескин ортга кетиш ва тизимли деградация юз берганини бош сабаби айнан шунда. Майда-натурал хўжаликларга 5-7%дан кредит ажратилган бўлсада, таъминотчи қорамол ё қўй-эчкининг нархи камида 2 карра шиширилган шароитда, қарздор мажбуриятларни ёпиши учун кредитга олинган қўй-молни сотиб ёки сўйиб, бошқа соҳага, айтайлик савдога тикишдан бошқа маъно бўлмаган. Йирик хўжаликлар бўйича ҳам шундай, агар импортчи ўртамчилар билан ишланган бўлса, фақат кўлами каттароқ бўлган (кредит маблағлари қурилиш, меҳмонхона ва бошқа рентабелли йўналишларга кетган).
Ўтган ишларга саловат дермиз. Бугунги кунда ҳам шундай ишлар давом этаётган бўлса-чи? Ҳужжатдаги номи алоҳида қўшиб юборилган ўртамчигаям эътибор қаратмаймиз, майли.
Лекин Халқ банки ҳар йили 5 млрд.сўм ажратиб боқадиган Чорвадорлар уюшмасига кўз юмвориш жуда қийин-да. Чорвадорлар уюшмасида ким ўтиради? 5 млрд.сўм ажратиб, банк кимни боқади? 3 млрд.иш ҳақига (матбуот котибига қанча?), 1 млрд. "миллий Малибуга", 1 млрд. хорижий сафарларгами?
Навбатдаги боқиманда уюшма кимга керак? Барака топгурлар, Чорвадорлар уюшмаси ростанам зарурият бўлса, чорвадорлар ўзлари ўзларининг орасидан ва ҳисобидан ташкил этмайдими? Бўлдида энди.