Гўштга талаб мундарижаси билан, афсуски, ишланилмаяпти
Гўштга оид вазият барқарорлашишига фақат таклифни арзон пул ва имтиёзлар билан рағбатлантириш, қўшимча бюрократия яратиш кифоя қилмайди. Бу ярим чора ўзи.
Турмуш даражаси ва даромадлар ошганда гўшт талабини (айниқса мол гўшти мисолида) қувиб етиш доим қийин кечади. Шунинг учун талабнинг мундарижаси билан алоҳида, сиёсат даражасида ишлаш керак. Бу нима дегани?
Масалан, нега ҳафтанинг бир кунини балиқ куни, бир куни парҳез гўштли таомлар куни деб эълон қилиш мумкинмас? Айниқса, ташаббусни ҳоким ва вазирлар ўзлари бошлаб берса? Фарқи йўқ, бу муассасалардаги хос ошхоналарда бўладими ёки кейтеринг хизматларида.
Нима ҳалақит қилади фақат балиқ, фақат товуқ, ўрдак, ғоз ва курка, қуён гўштидан таом тайёрловчи умумий овқатланиш корхоналарини 3 йилга, 5 йилга рағбатлантиришга? Парҳез гўштнинг истеъмоли фақат касалхонада, боғчада, қамоқда ё армияда бўлмаслиги керакку.
Дарвоқе, қуёнчилик учун кимлар масъул-кураторлар эди? Қуён гўшти ишлаб чиқариш аҳволи қандай? Кўз-кўз қилинган лойиҳалар нима бўлди? Кредитлар-чи? Балиқчилик, ўрдакчилик, ғозчилик, куркачилик учун ажратилган кредитларни ҳам бир ўрганиш пайти келмадими?
Худди шунингдек, вегетариан таомланиш тармоқларига ҳам ўзгача ва алоҳида қўлловчи ёндашувлар шакллантирилиши, бу борада дунёқараш кенгайтирилиши керак (4 миллионлик Тошкентда нечта вегетариан ресторан бор?).
Ошқозон-ичак ва юрак-қон томир билан боғлиқ касалликлар оқибатларига давлат ва фуқароларнинг ўзлари триллионлаб пул сарфламоқда. Энди сал соғлом ақл ва эркин танловни ишга солиб, сабабларни бартараф этишни бошласак-чи?
Йилига 2,15 млн тонна гўшт еётган бўлсак, шунинг ярмини парҳез гўштларга ўтказиш, Европани қўя турайлик, ҳеч бўлмаса Туркия ва Беларусь даражасига етишни мақсад қилсак бўладими?