Гўшт нархи нега ўсмоқда?
Марказий банк шарҳида охирги ойларда юқори суръатда қимматлашишда давом этаётган гўшт нархи масаласига ҳам тўхталинган.
Регуляторга кўра, қўшни мамлакатлардаги гўшт экспортига қўйилган чекловлар натижасида гўшт таклифининг камайиши, шунингдек, импорт нархларининг ошгани ички нархларнинг ҳам ўзгаришига сабаб бўлган.
Қозоғистон ва Қирғизистон томонининг қорамол ва майда чорва экспортига оид киритган тақиқлари ҳақида аввал ҳам ёзган эдик.
Шунга қарамай, гўшт импорти йил-йил кесимида ҳам, ой-ой кесимида ҳам ортишда давом этмоқда.
Инобатга олиш лозимки, гўшт нархи бир кунда ошиб қолмагани сингари, бир кунда барқарорлашиб қолмайди. Ўзбекистонда гўшт ва сут етиштиришнинг туб муаммолари бир марталик сеҳрли қарорлар билан ҳал бўлмаслиги, сегмент серхаражат, сермеҳнат ва иқтисодий самарадорлиги паст бўлган натурал хўжаликларга боғлиқ бўлиб қолаётганлиги, охирги саккиз йилда айнан натурал хўжаликлар имтиёзли кредитлар ажратилгани ва бу бозорда спекулятив ва тескари натижаларга олиб келгани, гўшт (сут ҳам) ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва таннархни пасайтириш саноат усулида ишлайдиган йирик хўжаликлар воситасидагина имконли бўлиши ва албатта, қишлоқ хўжалигида ер ва давлат харидига оид эскирган қоидаларни ислоҳ қилиш орқалигина ечилиши тушунилиши керак.