18K111Telegramda ochish
Қўшиқчиларга орден бор, чорвадорларга-чи? ССП ташаббуси билан 5 соат давом этган очиқ мулоқотда Хоразмдаги йирик чорвачилик комплексларидан бири раҳбари бир йилга етмай солиқ текширувидан кейин 1,5 миллиард сўмлик картотекага тушиб қолганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат қарорлари қабул қилиниши чўзилиб кетгани учун хўжаликни сақлаб қолиш мақсадида айрим харажатлар нақд пул орқали амалга оширилган, кейин эса бу ҳолат текширувларда муаммога айланган. Натижада 700 бош наслли молдан 450 тасинигина сақлаб қолишга муваффақ бўлинган. Бу ерда эътиборни тортадиган жиҳат бошқа. Давлат чорвачиликни ривожлантириш, наслли моллар сонини кўпайтириш, маҳсулот ҳажмини ошириш ҳақида гапиради. Лекин бир томондан инвестиция киритиб, йирик хўжалик ташкил қилган тадбиркор ҳали ишини йўлга қўйиб улгурмасидан текширувлар ва чекловлар билан юзма-юз келаётган бўлса, бу соҳага яна ким киради? Чорвачилик тез пул келтирадиган бизнес эмас. Бу ерда сармоя йиллар давомида қайтиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўп мамлакатларда бундай хўжаликларга маълум муддат имтиёз ва ҳимоя берилади. Бизда эса тадбиркорлар очиқ мулоқотларда энг аввало молни эмас, картотекани сақлаб қолиш ҳақида гапираётгани вазиятнинг ўзига хос тавсифи бўлиб турибди. Энг қизиғи, тадбиркор муаммо сифатида ем-хашак танқислиги ёки бозорни эмас, қарорлар кечикиши ва текширувларни тилга олди. Демак, соҳанинг асосий тўсиғи табиат ёки бозор эмас, маъмурий ва бюрократик муҳитнинг ўзи бўлиб қолмаяптими? Гўштнинг нархида ҳам, сутнинг нархида ҳам ем-ҳашакдан ҳам кўпроқ бюрократия ва ёмон маъмурчилик ўтирипти. Ўзгартиришларни шу ердан бошламасак, чорвадорларимиз, уларга аслида орден ҳам керакмас, мол-қўй боқишдан қўшиқ айтишни афзал кўра бошлашади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin