
ТМКдан экология учун самарали технологик тажриба
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) таркибидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар заводи экологик хавфсизлик учун Марказий Осиё бўйича биринчи замонавий технология жорий этиб, мазкур технология асосида иш олиб бормоқда.
Бу қандай технология?
ТМК матбуот хизмати хабар беришича, авваллари, молибден маҳсулотини аммиакли сув ва кислоталар билан ювиш орқали ишлаб чиқаришда аммиак буғлари ҳавога тарқалиши кузатиларди. Бу эса экологик хавф туғдирарди. Янги технология натижасида эса, завод мутахассислари янги, уч босқичли содали ечим асосида ишлайдиган технологияни жорий қилди. Энди молибден хомашёси сода эритмаси билан ишқорланади, барча жараёнлар ёпиқ тизимда амалга оширилади.
Хўш, бу қандай афзалликлар беради?
Аммиак буғлари атмосферага чиқмайди. Бу айни дамда экологик хавфларнинг олдини олишда катта ютуқ ҳисобланади. Ҳавога ташланадиган чиқиндилар миқдори кескин камайди. Жараёнлар хавфсиз ва экологик тоза муҳитда ўтади. Ёпиқ технологик жараён нафақат чиқиндиларни камайтиради, балки ишлаб чиқариш муҳитини инсон саломатлиги учун хавфсиз ҳолга келтиради. Бу технология ТМКнинг ишлаб чиқаришдаги самарадорлик билан бир қаторда, экологик хавфсизликка ҳам аҳамият қаратаётганини кўрсатади.
Реклама