Автосуғурта мукофотлари ошмоқда
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда автосуғурта мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда. Президентнинг 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сонли қарори билан автосуғурталаш соҳасида бир қатор жиддий ўзгаришлар бошланганди.
Ҳукумат Қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий автосуғурта бўйича максимал қоплама миқдори икки баробарга оширилиб, 80 миллион сўмга етказилади. Ҳозирда масалан, кичик аварияларда таъмирлашга ҳам товон пули унчалик ҳам етарли эмаслиги учун полис ҳимоя эмас, шунчаки “галочка ҳужжатга” айланиб қолган.
Эндиликда, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарнинг катта қисмини қоплаш имконияти пайдо бўлади. Табиийкм, суғурта полисининг нархи ҳам кўтарилади. Бу, албатта, кўпчиликни бироз хавотирга солиши мумкин. Лекин, унутмаслик керакки, сифатли суғурта – бу келажакдаги кутилмаган харажатлардан ҳимоя дегани.
Бундан ташқари, энди суғурта тўловлари билан боғлиқ низоларда бепул юридик маслаҳат олиш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, ЙТҲ содир бўлган жойга тезкор ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилади.
Парадокс шундаки, кўпчилик суғурта ҳақида фақат авариядан сўнг ўйлай бошлайди. Йиллар давомида автомобилнинг зоҳирий қиёфаси ва қулайлигига маблағ сарфланади, бироқ жиддий ҳолатларда айнан мажбурий автосуғурта — молиявий хавфсизлигимизни таъминловчи асосий восита эканини унутиб қўйилади. Суғурта — бошқа барча чоралар самарасиз бўлиб қолганда, фойдаси тегадиган ва зарарларни қоплайдиган энг қулай восита.
- https://t.me/napp_uz/1316@napp_uz