ОСГО - Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш мукофотлари ўзини қопламоқдами? Ҳайдовчилар нега норози?
Кейинги кунларда қатор ҳайдовчилар автотранспорт воситаларини суғурталашда чекланган (5 нафар ҳайдовчигача бўлган) полисларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келаётгани ва ҳайдовчилар сони чекланмаган полисларни сотиб олишга тўғри келаётгани ҳақида маълум қилишмоқда.
Суғурта компаниялари техник сабабларга кўра транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилган шахсларнинг чекланган суғурта полисларини расмийлаштириш вақтинча тўхтатилганлигини ўз сайтларида расман маълум қилишмоқда.
Хабарингиз бор, 2019 йилдан бошлаб Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта пули — 40 миллион сўм этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб чекланган (5 нафар ҳайдовчигача бўлган) полислар учун мукофот 56 минг сўм, ҳайдовчилар сони чекланмаган полислар учун мукофот 168 минг сўм этиб белгиланган (вилоятлар учун 40 минг сўм ва 120 минг сўм мос равишда).
Суғурта компанияларига кўра, чекланган (5 нафар ҳайдовчигача) полислар охирги икки йилда фақат зарар келтирмоқда, айниқса авариялар - суғурта ҳодисалари энг кўп учрайдиган Тошкент шаҳрида.
Ростанам олиб қараганда, ўтган 3 йил давомида суғурта пули ҳам, суғурта мукофотлари ҳам бирон марта индексациялангани йўқ, ваҳоланки бу даврда расмий инфляция 35%дан зиёдга ошди.
Айни вақтда юзага келган вазиятдан ҳайдовчилар ҳам, суғурта компаниялари ҳам жабр кўришмоқда. Бошқача айтганда ҳайдовчиларнинг аксар тоифаси учун 168 минг сўмлик полисни сотиб олиш жуда қимматлик қилади, суғурта компаниялари учун эса 56 минг сўмдан чекланган полис фақат зиёнга, мажбуриятларнинг ошишига ёки сифатли суғурта хизмат кўрсатмасликка олиб келмоқда.
Демак оралиқ, ўрта ечимга жуда катта зарурият бор. Ҳукумат ва Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича ваколатли вазирликлар ушбу масалага эътибор қаратсалар, хусусан суғурта суммаси ва мукофотлар тарифларини қайта кўриб чиқишса бўларди.
@the_bakiroo