ОСГО ўзгаради
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ОСГО) тартибига ўзгартиришлар киритилади.
Белгиланишича, суғурта таваккалчилиги даражасига сезиларли таъсир кўрсатувчи ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилади. Бу бўйича таклифларни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 3 ой ичида Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак.
5 йил аввал киритилган қоидаларга кўра, суғурта мукофоти чекланган ҳайдовчилар (5 нафар ҳайдовчигача бўлган) ва чекланмаган ҳайдовчиларга боғланган холос. На ҳайдовчининг стажи, на олдинги жарималар, авариялар, на ҳудуд таваккалчилиги, на автомашина русуми ва қиймати ва ишлаб чиқарилган йили каби муҳим омиллар инобатга олинган. Амалдаги ОСГОнинг самарасизлиги ҳақида аввал ҳам ёганмиз.
Натижада 20 йил стажга эга, қоида бузмайдиган, 8 минг долларлик спарк ҳайдайдиган ўқитувчи ҳам, кеча ҳайдовчилик гувоҳномасини олган, 200 минг долларлик Мерседес ҳайдайдиган, ҳар ойда йўл қоидасини бузадиган олигарх ё вазирнинг арзандаси ҳам бир хил суғурта мукофоти тўламоқда. Шу сабабли ОСГО шунчаки формалликка айланиб улгурган, аксар ҳолатларда суғурта ҳодисаси бўйича томонлар суғурталовчига мурожаат қилишмайди ҳам.
Суғурта компаниялари учун ҳам ушбу фаолият жозибадорлигини йўқотган ва йўқотиб бормоқда. 2023 йилда ОСГО бўйича асосий кўрсаткичларни ушбу ҳаволадан кўриш мумкин. Бир нечта суғурта компаниялари ОСГО сегментида, айниқса Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолиятини зарар билан якунлаган.