Иқтисодий калтаклар ва рағбат ҳам эсдан чиқмасин!
Жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш яна кун тартибига қайтганидан хурсандман.
Ўзи 1 йил аввал ишга тушиши лозим бўлган қоидалар балки мошинтеррористлар лоббиси ва маъмурий ресурслари туфайли роса хаспўшлаб келинди. Агар Президент қарорида белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилганида эди минглаб одамларнинг ҳаёти, соғлиғи сақлаб қолинган бўларди, шаҳарларимиздаги кўчалар фуқаролар учун хавф-хатар маконига айланмаган бўларди. Майли, ҳечдан кўра кеч.
Мен умид қиламан, жарима балларини жорий қилиш билан иш тўхтамайди. Бунга қўшимча равишда иқтисодий калтаклар ишлаши керак. Хусусан, суғурта орқали.
Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Ўзбекистондаги каби абсурд суғурта қоидалари мавжуд эмас. Қарийб 5 йилдан бери Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта пули — 40 миллион сўм даражасида қолмоқда. Полислар учун мукофот 56 минг сўм, ҳайдовчилар сони чекланмаган полислар учун мукофот 168 минг сўм этиб белгиланган (вилоятлар учун 40 минг сўм ва 120 минг сўм мос равишда).
Ойда, йилда бир кўчага чиқадиган, тартибли ҳайдовчи учунам шу тўлов, ҳар куни қоида бузадиган ва қоидаларни бузганидан фахрланадиган мошинтеррорист учунам шу тўлов. Нормал дунёда қоидабузарлар автомобиль суғуртаси учун 10лаб карра юқори тўлов қилишади. Бизда эса суғурта энг арзон жаримадан ҳам арзонроқ, табиийки, 40 ё 56 минг сўм тўлаган, кўчадаги масъулиятсиз террористлар билган жиноий тажрибасини қилиб ётишипти.
Демак, нафақат, шунчаки жарима баллари тизими жорий этилиши, жарима балларига мувофиқ суғуртанинг каррасига қимматлашиши ҳам ишга тушиши керак. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жарима баллари пулли парковкалардаги тарифларда ҳам, автомобиль билан боғлиқ давлат хизматларида ҳам каррасига ошириладиган тўлов кўринишида қўлланилиши зарур (номер олишдан тортиб, ишончнома ва гаров расмийлаштиришгача).
Хуллас, қоидабузарлар ўзларининг аслида ким эканликларини ҳар қадамда иқтисодий калтак воситасида эслаб туришлари зарур.
Рағбат-чи? Рағбат ҳам эсдан чиқмаслиги керак. Йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга суғурта, парковка, давлат хизматларигача чегирма коэффициентлар қўллаш бошланиш зарур.