“Завод бор, лекин ишламайди”
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқотда 30 йилдан бери бозорда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлардан бири ўзининг муаммосини очиқ баён қилди.
Унинг фикрича, сўнгги 5-7 йилда соҳа жиддий инқирозга юз тутган. Илгари 130 киши ишлаган корхонасида ҳозир атиги 20 нафар ишчи қолган. Асосий муаммо — янги дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнининг чўзилиши. Қонун бўйича 155 кун ичида рўйхатдан ўтиши керак бўлган препаратлар, амалда 2 йиллаб кутиляпти.
Фармацевтикадаги муаммо фақат молиявий эмас, балки тизимли ҳам. Ишлаб чиқаришга тайёр корхона иш бошлай олмаётган бўлса, бу соҳага инвестиция киритишга ҳам асос қолмайди.
ССП раиси Даврон Вахабов ҳам тадбиркорнинг эътирозини жойида қабул қилди. Унинг таъкидлашича:
“Агар биз тадбиркорларга амалий ёрдам бермасак, 500 млн долларлик ишлаб чиқариш ҳажми хавф остида қолиши мумкин.”Фармацевтика соҳасида кўп йиллардан бери йиғилиб қолган муаммолар бор. Агар бу масалалар ҳал этилмаса, нафақат дори воситалари, балки инвесторлар, иш ўринлари ва энг асосийси, ишонч йўқолиши мумкин.