Иссиқхоналар қишлоқ хўжалиги ерлари сифатида тоифаланади
Давлат раҳбари билан учрашувга тайёргарлик доирасида ўтказилаётган, тадбиркорлар билан жонли мулоқотларда янграган муаммоларга тизимли ва амалий ечимлар таклиф этила бошлаган.
Хусусан, бугунги йиғилишда Давлат раҳбари иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаш белгиланишини таклиф этган.
Иссиқхоналарнинг айримлари бошқа, масалан, саноат тоифасига кириб қолгани туфайли ҳисобланган солиқ миқдори шаҳарларга яқинлигига қараб ўнлаб карра фарқланиши кўп марта кўтарилган эди. Натижада айни бир майдонлардаги иссиқхоналар нотенг солиқ юкига рўпара бўлган, таннархи ошган, асоссиз солиқ қарздорликлари йиғилган. Мана энди барча иссиқхоналар ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлашга ўтишади.
Яна бир яхши хабар: 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Иссиқхоналарда ишлаётган ишчиларини тўлиқ оқартиришга ва солиқ юкини камайтиришга яна бир имконият очилмоқда.