"Хорижий турист"нинг сони бор, сифати-чи?
2025 йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга 6,3 млн.турист келган. Унинг 83%и ёки 5,2 млн.дан зиёди бевосита Ўзбекистонга қўшни давлатлардан. Масалан, Қирғизистондан 1,8 млн.дан ортиқ турист келган, дея статистикага қўшилган.
Статистикага кўра, туристик хизматлар экспорти 7 ойда 2 542,3 млн.долларни ташкил этган. Яъни ҳар бир хорижий туристга Ўзбекистонда ўртача 403 долларлик туристик хизмат сотилган.
Ўтган йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга 4,2 млн.турист келган (шунинг 3,3 млн.и ёки 78,5%и қўшни давлатлардан), туристик хизматлар экспорти 1 746,4 млн.доллардан иборат бўлган. Битта хорижий туристга 416 долларлик туристик хизмат кўрсатилган.
Кўраяпсизки, хорижий туристлар сони ошгани билан сифат яхшиланмаган. Қўшни давлатлардан кирганки қардошларни интурист деб ҳисоблашда давом этмоқдамиз.
Бизга хорижий туристларнинг янги, сифат мезонлари керак. Рақамларнинг ортидан қуваверсак, худди яратилаётган бандлик ва ишчи ўринлари каби гўзал статистика бўлади, лекин самара бўлмайди. Меҳмонхона, хостелда ёки буюртма қилинган апартаментда турмаса, қўшимча туристик хизматлар, транспорт, савдо, умумий овқатланиш хизматларидан фойдаланмаса, яъни Ўзбекистонга келиб харажат қилмаса, бугун келиб, бугун қайтса, уни туристлар сонига қўшиш тўғри эмас.
Мезонлар янгиланмаса, юзаки статистикани чуқурлаштирмасак, ўзимизни ўзимиз чалғитишни бошлаймиз, хорижий туристларнинг Ўзбекистонда қолиш даврини узайтириш, асосий турга қўшимча турлар сотиш, туристик сотувлар қийматини ошириш масалалари кун тартибига чиқмайди.