WTTC ҳисоботида Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи
Кеча тармоқларда туризм бўйича Қозоғистон Ўзбекистондан ўтиб кетди, қабилидаги материаллар пайдо бўлди. Уларга кўра, Ўзбекистон туризм ривожланиши бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан кейинги иккинчи поғонани эгаллаган.
Кўчага чиқсанг, учратган икки одамдан биттаси турист, қўшимчасига минглаб туристик масканлари ва маданий мерос объектлари билан Ўзбекистон туризмда етакчи кўрсатилмагани кўпчиликда шубҳа ўйғотган бўлиши мумкин. Манба таги суриштирилганида эса, ҳолат ўзгача чиқмоқда.
Жаҳон сайёҳлик ва туризм кенгаши (The World Travel & Tourism Council — WTTC) йилда бир марта ҳисобот чиқаради. Ҳисоботнинг аслига кўра, Ўзбекистон бу таҳлилда 17 та рейтингнинг 9 тасида Қозоғистондан олдинда турибди.
Қозоғистонда инвестицион муҳит яхшилиги ҳисобига қўшнилар шу йўналишда биздан олдинга ўтишган, яъни уларда соҳага 2,7 млрд.доллар инвестиция киритилган, шунинг ҳисобига қўшниларда соҳанинг умумий салмоғи биздан 1 млрд долларга кўпроқ чиққан.
2025 йилда Марказий Осиё минтақасида туризмнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) даги тўғридан-тўғри улуши 7,2 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Шундан 3,3 млрд АҚШ доллари Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиб, Марказий Осиё бўйича 45,8 улуш билан етакчи сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон ЯИМидаги туризмнинг умумий, билвосита ва бевосита улуши 8,3 млрд АҚШ долларига тенг бўлган. Бунда 2024 йилга нисбатан 21,2 фоизлик ўсишга эришилиб, Ўзбекистон бутун дунё мамлакатлари орасида 4-ўринда кўрсатилган.
Шу даврда Ўзбекистонда 876,8 минг аҳоли туризм ва унга ёндош соҳаларда ишлаётгани ва олдинги даврга нисбатан 12 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Туризм хизматлари экспорти йўналишида Марказий Осиё 9,9 млрд долларлик кўрсаткичга эга бўлса, шунинг 5 миллиарди Ўзбекистоннинг чўнтагига тушган. Бу эса умумий тушумнинг 51 фоизи дегани.
Ўзбекистонда амалга оширилган туризм хизматлари экспорти ҳажми давлат экпортининг умумий кўрсаткичининг 14 фоизини ташкил этган.