Бензин июлда 10%гача қимматлаган, ошди-ошди эстафетаси энг расво монопол хизматлар қўлига ўтмоқда
Статқўм июль ойида 0,1%лик дефляция қайд этган. Йиллик инфляция 6,4% даражасида сақланган.
Ҳудудлар орасида энг юқори ойлик инфляция Фарғонада (0,1%), энг юқори йиллик инфляция эса пойтахт Тошкентга қайтган (6,9%).
Ой давомида озиқ-овқатлар 0,9%га арзонлашган бўлса, ноозиқ-овқатлар 0,3%га, хизматлар 0,5%га қимматлаган.
Муҳим озиқ-овқатлардан сабзи 12,6%га, гуруч 5,9%га, пиёз 1,7%га, шакар ва сут 0,8%га, гўшт 0,6%гача, ун 0,5%га, пахта ёғи 0,4%га қимматлаган.
Июндаги нархи назорат қилинадиган энерготоварлар қимматлашиши назоратдан ташқаридаги энерготоварлар нархининг потираб ошишига зўр туртки берган (ташқи таъсирлар баҳонаси ҳам). Бензин 4,8%га ошган, бунда асосан импорт қилинадиган 95 марка 8,5%га, 98 ва 100 маркалилар эса 10%га қимматлаган. Пропан нархи 1,7%га, метан 0,3%га кўтарилган.
Ёқилғининг қимматлашуви бошқа монополлашган секторлардаги хизматлар нархини кўтара бошлаган. Йўлвчи ташиш транспорти 1,4%, темир йўл чипталари 0,4%, халқаро авиапарвозлар 0,2% қимматлаган.
Тўлови электрга боғлангач, чиқинди ташиш ва эксплуатация-бошқарув тарифларини тўхтатиб бўлмаяпти. Хизмат кўрсатмай тўлов олишга мазахўрак чиқинди қироллари июлда нархларни яна 2,7%га кўтаришган (йиллик 25,6%). Бу аждарҳоларнинг орқасидан тўлови электрга боғланган турар жойларни эксплуатация-бошқарув тарифлари ҳам 0,8%га қимматлаган. Айни пайтда ҳар икки йўналиш энг расво ва энг сифатсиз хизматлигича қолмоқда. Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни талаётган ҳар икки соҳани яна жиддий назоратга олиши керак бўлади.