Августда бензин 6,7%гача, пропан 5,8%га қимматлаган
Статқўмга кўра, август ойи инфляцияси 0,2%ни, йиллик инфляция 6,2%ни ташкил этган. Ой давомида озиқ-овқатлар 0,4%га, ноозиқ-овқатлар 0,2%га, хизматлар 0,1%га қимматлаган.
Ҳудудлар орасида энг юқори инфляция пойтахт Тошкентда сақланмоқда (ойлик 0,3%, йиллик 6,8%).
Муҳим озиқ-овқатлардан сабзи 9,2%га, пиёз 6,2%га, гуруч 2,2%га, тухум 0,8%га, гўшт 0,7%гача қимматлаган. Нархи осмонга сакраётган помидор нархида 1,1%гача, бодринг нархида 1,5%гача қимматлашиш қайд этилган.
Қип-қизил спекуляция остида шаклланаётган ёқилғи нархлари ўзбекистонликларни шипшитишда давом этмоқда. Ой давомида бензин статқўм наздида маркасига қараб 6,7%гача, ўртача 1,9%га ошган, йиллик қимматлашиш 20,2%ни ташкил этган (бу рақам баҳсли, чунки ўтган йилги бензин корзинасида асосан 80 шиптир лақабли бензин ҳам бор эди). Пропан 5,8%га қимматлаган (йиллик нарх ўсиши —41,4%). Ёқилғи қимматлашуви баҳонасида авиаташувчилар хизматлари 1,7%гача, автомобилда ташиш 0,6%га қимматлаган.
Августнинг охири яна қимматлашаётган ижара билан кўпчиликка оғриқли бўлди. Статқўм ижара нархларини 0,4%га қимматлаган деб топган. Яна дори-дармонлар қимматлашиши бошланган (+0,2%).