Нега ўзбанд таксичилар сони сезиларли равишда камаймоқда?
2026 йил сентябрь бошига Ўзбекистонда 481,1 минг ўзбанд ҳайдовчилар агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда. Йил бошида ўзбанд таксичилар сони 574,6 минг нафарни ташкил этган эди (2025 йил 1 сентябрда ўзбанд таксичилар 777,1 минг нафар бўлган).
Хусусан, ўзбанд аёл таксичилар сони йил бошидаги 4 726 нафардан 4 107 нафаргача камайган.
Нега ўзбанд таксичилар сони қисқармоқда? Бу қатор сабабларга оид бўлиши мумкин.
Биринчи ва энг асосий сабаб — ёқилғи нархининг тинимсиз ошаётгани ва куз-қиш мавсумидаги узилишлар шароитида мазкур фаолиятдан соф даромадларнинг ошишдан тўхтагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бензин ё пропанда ҳаракатланувчи таксиларнинг даромадларининг ярмидан кўпи ёқилғи харажатларига кетадиган бўлиб қолган (метанда ҳаракатланувчилар учун эса энг катта йўқотиш ноябрь-март ойларида узилишлар туфайли вақт ва навбат йўқотишлар).
Иккинчи сабаб — агрегаторлар олаётган комиссиялар, ҳатто тиғиз пайтлар учун антимонополия чекловлари йўқлиги туфайли, тўхтовсиз ошишда давом этмоқда. Хусусан, айни пайтда таксичилар топаётган даромадларнинг 20-24%ини агрегаторлар ва уларнинг ҳамкорлари олиб қўяди. Тасаввур этишингиз учун, агрегаторлар Ўзбекистон бозорига кириб келган вақтда уларнинг комиссиялари 10-14% атрофида бўлган. Бошқача айтганда, ҳайдовчилар ўзидан ҳам кўра кўпроқ агрегаторлар фойдасига ишламоқда. Таксичилар манфаати учун антимонополия қўмитаси ёки жонсарак парламентимиз, афсуски, бу борада жиддий ҳаракатларни амалга ошираётгани йўқ (аждарҳо агрегаторларнинг қудратли лоббисини ҳам инобатга олишаётган бўлишса керак).
Учинчидан, ставкаси паст бўлгани (1%) билан, фаолият солиққа тортилаяпти (ўтган йилларда даромадларнинг 100 млн.дан ортиғи солиққа тортилади) ва келаси йилдан яна қўшимча солиқлар пайдо бўлади (ижтимоий солиқ мажбурийлашади).
Хуллас, кредитга ёки бўлиб тўлашга автомобиль олиб таксичилик қилиш афзаллиги 2-3 йил аввалгидек жозибали эмас энди. Ҳатто баъзи кунларда айни шаҳарда, айни туманда етказиб бериш хизматидаги куръерлар таксичи ҳайдовчилардан кўпроқ пул топа бошламоқда.
- https://t.me/fiskaltahlil/1569@fiskaltahlil
- https://t.me/fiskaltahlil/1421@fiskaltahlil
- https://t.me/fiskaltahlil/1219@fiskaltahlil
- https://t.me/the_bakiroo/9609@the_bakiroo