Ниҳоят ҳукумат тушунарсиз истиснолар ва кўз юмишлар билан, май ва июнь ойларида айрим минтақалар ва тор доиралар молиявий манфаатлари учун қулай қарорлар қабул қилиб вазиятни қанчалик оғир даражага етиб боришига йўл қўйиб берганини тушуниб етмоқда, деб умид қиламан.
Ҳозирги мураккаб кунлар ўтгач, ишонаманки, бу ишларга - айниқса Тошкент шаҳрининг узоқ муддат сариқ мақомда ушлаб турилганига, айрим ҳудудларда кетма-кет касаллик ўчоқлари пайдо бўлганига қарамай эпидемиологик мақоми ўзгартирилмай қолинганига, ҳаққоний вазиятнинг статистикада бузиб кўрсатилгани ва хаспўшланганига, эпидемия шароитида бизнеснинг юқори рискли йўналишларига вазиятга тўғри баҳо берилмай рухсат берилганига ва бошқа жуда кўп саволли ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Чунки бугунги йўқотишлар, айниқса инсонлар ҳаётида юз бераётган йўқотишлар ўша -май ва июнь ойларида йўл қўйилган хатоларнинг оқибатларидир.
Коронавирусга чалинганларни хусусий клиникаларда даволанишга изн берилгани, уйда даволанаётганларга дори-дармонлар етказиб берилиши, тиббий тез ёрдамни ўнглашга уринишлар ҳақидаги директивалар бироз таскин беради. Лекин бу етарли эмас.
Ўзбекистон медицинаси, минг афсуски, иккига бўлиниб қолган: Бир медицина, у одатда даволамайди - қора халқ учун ва яна бир бошқа аъло медицина борки - у раҳбарият ва номенклатура учун. Бундай медицина ҳукумат поликлиникалари ва ҳукумат касалхоналари деб номланади.
Ҳозирги мураккаб кунларда агар Раҳбарият ва номенклатура ростанам минбарларда айтилаётганидек, халқ билан бўлса, ўша Ҳукумат Касалхоналари ва поликлиникалари халқ учун очилиши лозим ва зарур.
Ва кейин, бу оғир кунлар ўтиб битгач, ҳеч қачон, ҳеч қачон ва ҳеч қачон медицина Халқ учун алоҳида ва Ҳукумат учун алоҳида бўлмаслиги лозим.
Бош вазир Арипов ва Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов, Ҳукумат аъзолари ва бошқа минглаб аёнлар ва уларнинг яқин қариндошлари даволанаётган Ҳукумат касалхоналари ва поликлиникаларида Сарвар Каримовнинг отаси ва унга ўхшаш бошқа минглаб қоракўзлар даволанишга, тиббий ёрдам олишга ҳақли ва ҳақли эди.
@the_bakiroo