Чиқинди хизматларида фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади
Чиқинди агентлигига кўра, санитар тозалаш хизматлари сифатини ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади. Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.
Истеъмолчилар (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлар онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Тўловлардан тушган маблағлар бевосита Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Жамланган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўлаш белгиланган субъектлар (санитар тозалаш корхоналари, полигонлар, чиқинди ёқиш заводлари, экосаноат ҳудудлари ва бошқалар)га алоҳида тартибга мувофиқ ҳисобга олишнинг ягона тизими орқали:
санитар тозалаш корхоналарига қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонга ёки чиқиндиларни қайта юклаш пунктларига топширгани учун (алоҳида тартиб асосида тонна/километр ҳисобида);
чиқинди полигонларига/чиқиндиларни қайта юклаш пунктига/чиқиндиларни ёқиш заводига чиқиндиларни қабул қилгани ва утилизация қилгани учун (тонна ҳисобида);
экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига (ҳар бир тоннаси учун) белгиланган тартибда тўлаб берилади.