Тошкент метрополитени иқрорномаси: 2025 йил учун ваъдалар 2026 йилдаям амалга ошмайди
Тошкент метрополитени бугун эълон қилган баёноти ажойиб ва яқин йилларда ҳеч нима ўзгармаслиги ҳақида иқрорнома ҳам. Баёнотни шундай кўчириб босаётган ОАВлар шаклга эмас, моҳиятга эътибор қаратишса бўларди.
Биринчидан, 2025 йил ноябрига келиб Тошкент метросида жами 66та поезд ҳаракатланмоқда холос. Яъни ўтган йили ноябрдан буён (65 та эди) сафда поездлар биттага кўпайган холос. Кунлик йўловчи ташуви эса миллиондан ошган. Энди тасаввур қилаяпсизми, тиқилинчлар ошгани нима учун?
Иккинчидан, 75та составдан 9таси ишламаяпти, бу дегани ҳалиям юклама таъмирталаб ё тўлиқ ишлай олмайдиган эски поездларга тушаяпти (буни метрога тушган йўловчики, кўриб билади, малибудан тушмайдиган вазир ё ҳоким бўлиш шартмас). Вазирликнинг ўзи берган маълумотга кўра, ҳалиям 50% вагонлар эски.
Учинчидан, келаси йилга составга яна 14та поезд қўшилади дейишмоқда. Бу дегани жами состав 89та поезд, ишлайдигани кўпи билан 80та бўлади дегани. Маълумот учун ўтган йили ноябрда, Транспорт вазирлиги поездлар сонини 2025 йилда 26тага ошириб, 91тага етказиш ваъдасини берганди. Яъни 2025 йил учун берилган ваъда 2026 йилдаям бажарилмайди. Эринмасангиз, метро поездларини кўпайтириш бўйича 2021 йилдан бери берилаётган ваъдалар ва режаларнинг ижросини бир кўтаринг, уларнинг биронтаси бирон йилда бажарилганми?
Шундай экан, Тошкент метроси одамбашара бўлиши учун ягона чора — бу босқинчиларнинг триколори туширилган поездларни буюртма қилишдан воз кечиш. Контрактларни вақтида бажармаганлиги ва санкцияларга учраш хавфи туфайли охирги 2 йилда Болгария ва Грузия Метровагонмашдан метро поездлари олишдан бутунлай воз кечган. Нима, бизни эшик қисганми ё тилимиз қисиқми?
- https://t.me/Toshkent_metropoliteni_rasmiy/7357@Toshkent_metropoliteni_rasmiy
- https://t.me/Mintrans_uz/20181@Mintrans_uz