23K143Telegramda ochish
Иллюзия ва шовқин яратиш Ёзилишича, жами йўналишларга жалб қилинган автобуслар сони 975 тага етказилган. Бунгача йўналишлардаги автобуслар сони 900тадан ошмаган. Лекин таъкидланишича, йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқартирилган. Яъни, автобуслар (асосан кам сиғимли ва одам ташишга мўлжалланмаган “ISUZU) сонининг 8-10%га ошиши интервалларни икки баробардан зиёдга қисқартирган гўё. Бу қанақа математика? Қанақа модель? Агар тушунтирилса, модель ясаб кўрсатилса, бир неча математика мукофотлари сизларники бўлади. Беҳазил. Энди реалликка қайтамиз. Ўзим мисолимда. Шаҳар ичида 116, 88, 78, 84 автобусларидан кўп фойдаланаман. Ҳеч нарса охирги уч кунда ўзгаргани йўқ. Ўзи амалдаги узун интервалга ҳам амал қилиш йўқ. 3 кунда ўзгариш кутиш ҳам аҳмоқона иш бўлган бўларди. Бутун дунёда жамоат транспорти масаласини профессионаллар, ёлланган сити менежерлар ечади. Бизда эса ИИВ, ФВВ, МГ пожар ўчиришга чақирилади. Нега? Шуни аввал тушуниб олайлик. Бу доимийгами ёки кучишлатар идораларнинг дизель фонди ва запчасть ресурслари тугаб битгунчами? Агар доимийга бўлса, Раматовни, Маҳкамовни, Усмановни, Артикходжаевни нима кераги бор? Эртага хавфсизлик, жамоат тартиби ва фавқулодда ҳолатлар кун тартибига чиқса, кимни чақирамиз? Ўқитувчиларними? Метронику айтмасаям бўлади, кирсанг чиқолмайсан, чиқсанг киролмайсан. Тошкент метроси платформаси узунлиги 5та вагонга хизмат кўрсата олади. Лекин нолинчи йилларда 4тага туширилгани бўйича турипти. Нега 5- вагонни улаш мумкин эмас? Нега эрталабки ва кечки тиғиз вақтлардан кейин интервал 2 барабаргача узайтириб юборилади? Поезд ва вагонлар соат 10дан 17гача ва 20дан 24 гача дам олиши керакми? Инструкцияси шунақами? Чилонзор йўлига Сергели йўли улангач, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Новза бекатларидан поездга чиқиб бўлмай қолганини билишадими? Эртага Қўйлиқ йўли ҳалқага уланса, вазият қанақа бўлади? Ҳисоби олинганми? Нега Қўйлиқ ва Сергели ер усти йўлларида кириш ва чиқиш фақат бир томондан? Нега иккинчи томонни очиш мумкинмас? Нега Қўйлиқ ва Сергели ер усти йўллари бекатларидан чиққанда йўлнинг қарама-қарши тарафга кесиб ўтиш ўлим билан ўйнашишга баробар? Артикходжаев ҳеч уриниб кўрганми светофорсиз 12 полосани кесиб ўтишга? Раматов ўзи қурган пиёдалар учун ерусти кўприкларидан масалан, коляска билан ўтиб кўрганми бирон марта? Давлат раҳбарига 4 марта ваъда қилинган транспорт-ўтиш боғламалари қани? Ажратилган ерлар кимларга сотиб юборилди? Энди Раҳбар 5-сафар сўраса яна қанақа ёлғон тўқийсизлар? Ва энг охирги савол: бизга тақдим этилаётган шовқин ва иллюзия муддати қачонгача? Кейинги селектор ё ташриф мавзуси қанақа? P.S. Тошкент шаҳрида жамоат транспорти қатнови ҳақиқий оралиғи қанча вақтни ташкил этаётганини билиш учун твиттерда #interval_tashkent ҳэштеги остида қолдирилаётган твитларни кузатиб боринг.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin