Шодиевлар назорати остидаги "Евразийский банк" АЖ Ўзбекистонда шўъба очишга рухсат олди
Қозоғистон Республикаси молия бозорини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш агентлиги "Евразийский банк" АЖга Ўзбекистонда шўъба очишга рухсат берган.
"Евразийский банк" АЖ Ибрагимовлар оиласи (олигарх Алижан Ибрагимовнинг беваси), олигарх Александр Машкевич ва олигарх Патох Шодиев тарафидан назорат қилинадиган "Евразийская финансовая компания" гуруҳига киради. Банкнинг бошқарув органлари ва аффилланган шахслари рўйхатида Шодиевлар оиласининг деярли барча аъзоларини учратиш мумкин.
Аввалроқ мазкур оиланинг яна бир вакили Олимжон Шодиев таъсисчилигидаги Support Level МЧЖ Вазирлар Маҳкамасининг «ёпиқ» қарори доирасида Ўзагроэкспортбанкни сотиб олаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Ёпиқ қарор шу кунгача очиқлангани йўқ. Унинг мавжудлиги ҳам рад этилмаган (рад этилса-ю, қарор нусхаси тармоққа қўйилса нима бўлади?) .
Эътиборлиси, Олимжон Шодиев Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов билан НГМК кузатув кенгашида ёнма-ён ўтиради (манфаатлар тўқнашуви? Йўқ, эшитмаганмиз) .
Шодиевлар оиласи вакилининг қайси мезонларга кўра НКМК кузатув кенгашида ўтириши тўғрисидаги саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда.
Қозоқ регуляторининг юқоридаги қароридан кейин Ўзагроэкспортбанкка оид ёпиқ қарор бўйича ҳаракатларнинг энди қандай тус олишини тахмин қилиш мумкин.