21K309Telegramda ochish
Хато кетидан хато Айтишларича, уч ойлик дори-дармон заҳирасини улгуржи дори-дармон сотувчиларининг заҳираларини минимал устама билан ёппасига сотиб олиш орқали таъминлашмоқда. Улгуржи дори-дармон сотувчиларининг ўзгача муқобил чораси йўқ: бу экспроприацияга рози бўлишмаса бизнесидан айрилишади. Келинг, бу большевикча ҳаракатларни иқтисодий томондан баҳолаб кўрайлик. Улгуржи дори-дармон сотувчиларининг барча заҳираларини тортиб олиш орқали дори-дармонлар хажми кўпайиб қоладими? Йўқ. Ўша-ўша дори-дармон, фақат мавжуд дорилар хусусий омборхоналардан давлат назорати ёки чиновниклар кўрсатган омборхоналарга кўчирилмоқда. Таклиф кўпайдими? Йўқ. Таклиф ўша-ўша чекланган, фақат большевикларнинг авлодлари боболари сингари бор заҳираларни яна тортиб олишди ва энди ўзлари тақсимлашмоқчи, бунақа ёввойи ҳаракатдан кейин ҳеч бир импортер Ўзбекистонга риск қилиб дори олиб кирмай ҳам қўяди. Билингки, бундан буён дорихоналарда дори-дармонлар етишмовчилиги учун хусусий операторлар асло жавобгар эмас. Кимга дори-дармон керак бўлса, чиновниклардан сўраш ва талаб қилиш керак бўлади. Кўрган бўлсангиз керак, қонун-қоидалар ишламайдиган битта шарқий вилоятда вилоят ҳокими дори-дармон сақланаётган омборхона калитини намойишкорона кўз-кўз этмоқда, айтишларича, ўша калит мутлақо тасодифга кўра ўтган йили уч йиллик қўлқоп ва шприцлар сотиб олиш ишига таалуқли корхонанинг омборхонасига тушар экан. Энди Ўзбекистон қонунлари тўхтаб турадиган вилоятда фавқулодда нимадир бўлса, оқибатини ўша калит ўйнатаётганлардан сўрайверасиз. Ақлли давлат чиновниги нарх ошаётганда нима қилган бўларди? Ҳарқалай, омбордаги охирги дорини мусодара этиб тортиб олмаган бўларди. Ақлли чиновник биринчи навбатда ўша дори таклифини оширади, вақтинча импорт божини йўқотади, импортчиларни кўпайтиради, сертификацияни бекор қилади, дори дармон олиш учун аҳолига пулли ёрдам кўрсатади. Тўғри, спекуляция бор, нархлар ошиб бормоқда. Лекин ҳали бозор қоидалари ишлаб турганди. Бозор сигнал бераётганди. Маскалар билан боғлиқ март ойида юз берган воқеликлар эсингиздами? Аввал нархни чеклашди, давлат назорати ўрнатишди ва маскалар йўқ бўлиб қолди, токи бу аҳмоқона қарорни бекор қилишмагунча. Кейин 10-15 кунда ҳаммасини бозор жой-жойига қўйди. Дарвоқе, нархларни назорат қилиш тўғрисидаги 5 кун аввалги зарарли топшириқ бўлмаганида ҳеч қанақа спекуляция бошланмасди ўзи. Йўқ жойдан спекуляцияни сунъий яратиб энди гўёки вазиятни ўнглаш учун экспроприация қилишаяпти. Умид қиламанки, бу зарарли ҳаракатлар кўпга чўзилмайди. Деструктив қарор қабул қилганлар хатоларини тан оладилар ва чиновникларнинг зарарли ҳаракатларини яна бир бор бозор мувозанатга келтиради. @the_bakiroo

Arxivda shunga yaqin