3 йилдан бери давом этаётган популистик сиёсат доирасида дори-дармонлар нархларини бюрократик ва маъмурий йўллар билан пасайтиришга бир неча бор уриниб кўрилди. Гарчи тан олишмасада, ҳар гал натижа тескари оқибатларни келтирди - нархлар ўсишда давом этди ва этмоқда, бозорга бозор қабул қилмайдиган аралашувлар эса даврий ва сунъий дефицитларни юзага келтирмоқда .
Ўтган галги хатолардан хулоса қилиш, вазиятни чуқурроқ ўрганиш ўрнига, дори-дармонлар нархини мувофиқлаштиришнинг навбатдаги тўлқини бошланиш арафасида турибди. Бу сафарги ислоҳотларни ташқи референт нарх шаклланиши методи деб аташмоқда (кенг омма учун қанчалик тушунарсиз сўзлар ишлатилса тепадагиларда шунчалик чуқур ислоҳот рўй бераётганидек тасаввур уйғониши учун). Гўёки бу билан дори-дармонлар нархини минимумгача қисқартиришмоқчи эмиш.
Ўзимиздан қўшиб шуни айтмоқчимизки, дори-дармонлар, айниқса импорт дори-дармонлари юқори нархлари шаклланишининг асосий сабаби қатор позициялар бўйича бозорнинг бўлиб олинганлиги, бир неча импортчиларнинг ўзаро келишуви, эҳтимолий рақобатчиларни бозорга турли йўллар билан киритмаслик ва қўймаслик ҳисобланади. Монополияга қарши кураш қўмитаси ташқи референт нархлар методини қўллашдан аввал ҳар бир дори-дармон ёки унинг аналоглари бўйича импортчилар рўйхатини ва уларнинг асл ва охирги бенефициарлари кимлигини, охирги уч йилда бозорга кимлар қўшилган ёки қўшилмаганлигини ўрганиб кўрса ёмон бўлмас эди.
@the_bakiroo