14K75Telegramda ochish
Янги даврда Ўзбекистоннинг энг катта муаммоларидан бири бу монополиялардир. Таъбир жоиз бўлса, айтиш керакки, монополиялар бошқа муаммо - коррупциянинг гермафродит жуфти ҳисобланади. Бири иккинчисини, иккинчиси биринчисини туғдиради. Июль ойининг бошида “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси эълон қилинди. Шундан сўнг кўплаб монополиятларнинг, хусусан, "Ўзметкомбинат" АЖ ва унга дахлдор шўъбаларнинг пайтавасига қурт тушди. Лойиҳага қарши ҳатто реклама ҳуқуқида материаллар жойлаштирилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси, умид борки, осонликча бас келадиганлардан эмас. Кўплаб эшикларни тепиб кирадиган монополист фаолияти тўғрисида қўмита айрим маълумотларни келтириб ўтган: Қора металл парчалари ва чиқиндиларнинг ўртача импорт нархи 1 тонна учун 2,8 миллион сўмни ташкил этган ҳолда “Ўзметкомбинат” АЖнинг сотиб олиш нархи 1 миллион сўмдан иборат. Харид қилиш механизми самарасиз ва шаффоф эмас. “Ўзметкомбинат” ОАЖ томонидан импорт қилинган ҳурдаларнинг ўртача нархи бошқа металл ишлаб чиқарувчилар томонидан худди шу ТН ВЭД коди бўйича олиб кириладиган ҳурда нархидан 1,3 баравар юқори. “Ўзметкомбинат” АЖ йиллар давомида давлат монополияси ҳисобланиб, бир неча бор имтиёзлар ва преференцияларга эга бўлган ва уларнинг ҳажми бюджетга ўтказмалардан бир неча баравар кўп. Монополист заракунандалиги ҳақида ҳақида яна кўплаб далилларни келтириш мумкин. “Ўзметкомбинат” АЖ манфаатлари учун давлат ташкилотлари, катта корхоналар, банклар, бозорлар, ҳатто таълим муассасаларига металолом топшириш мажбуриятлари белгилаб келингани, металлолом топширилмаса, қўйилган мажбуриятни ёпишга ундалганини ким билмайди? Мажбурий пахта, мажбурий обуна сингари классик схема: мажбурият халққа, фойда эса уларга. Дарвоқе, “Ўзметкомбинат” АЖ ишончли бошқарувга берилган (текинга топширилгани майли бошқа масала). Ишончли бошқарувга бериш мақсадларидан бири комбинатни бозор шароитида ишлашга кўникмалар яратиш, рақобат муҳитини шакллантириш эмасмиди? Бозорга тайёр эмас экан, нега керак эди ишончли бошқарувга бериб? Нима керак эди давлат монополиясини хусусий манфаатларга ишлайдиган монополияга айлантириб?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin