Мигрант болаларимизга онлайн таълим платформаси зарур
2025 йил 1 апрелдан бошлаб, Россияда мактабларга қабул қилишда чет элликларнинг фарзандлари учун рус тилини билиш бўйича мажбурий имтиҳон жорий этилган. Ўтказилган имтиҳонлардан мигрант болаларнинг 80 фоизи турли сабабларга кўра ўтмаган (жуда кўпчилик ҳатто ҳужжат топшириш босқичига етиб кела олмаган). Уларнинг орасида минглаб ўзбекистонлик болалар ҳам бор. Шимолдагилардан ўпкалаш ё улардан яхшилик кутиш бефойда.
Муаммонинг ечими тўғрисида Дилроз Абраева ёзмоқда:
"Бу қарор боланинг энг фундаментал ҳуқуқини савол остига қўяди. Ва бундан давлатнинг/жамиятнинг ўзи икки карра кўпроқ ютқазади.
Таълим ҳуқуқи боланинг паспортига, келиб чиқишига ёки ота-онасининг мақомига боғлиқ эмас. БМТнинг асосий ҳужжатларида ҳам айнан шу қайд этилган: ҳар бир бола таълим олиш ҳуқуқига эга.
Бир томондан қараганда, “ҳужжат тўғри бўлсин, тилни билсин” деган талаб тўғрига ўхшайди. Аммо амалда бу талаблар болаларнинг
мактабга кириши учун мураккаб шарт, тўсиқ дегани.
Мактаб – фақат дарс эмас, у боланинг жамиятга қўшилиш майдони. Тилни ўрганадиган, дўст топадиган, ўзини шу жамиятга интеграция қиладиган жой. Умуман ўқимаган бола тилни қаердан ўрганади? Қандай қилиб мослашади?
Яна бир жиҳат бор: мактабга кира олмаган 80 фоиз мигрант бола — эртанинг ижтимоий, иқтисодий хавф эҳтимоли. Таълим муҳитидан узилган болада изоляция, ҳуқуқбузарлик хавфи, ижтимоий бўлиниш эҳтимоли ортади.
Ғирт капиталистик Америкага борсангиз ҳам, Германияга борсангиз ҳам, Британияда ҳам мигрант болалар имтиҳон тугул, қатъий ҳужжатларсиз мактабга қабул қилинади. Туркияда ҳатто қочоқ болалар учун тайёрлов курслари бор. Хитой “юмшоқ куч” деб бутун дунё талабаларига грантларни тарқатиб ётибди.
Билишимча, фақат БААда давлат мактаблари ўз фуқаролари учун, хорижликлар хусусийда ўқитади.
Буёқдан туриб олиб, Россияни инсофга чақириш ёки дийдиё қилгандан фойда йўқ.
Мен шу мавзу юзасидан таклифимни билдирмоқчиман, Россияда ёки дунёнинг бошқа мамлакатларида фарзандлари билан вақтинчалик яшаб-ишлашга кетган фуқароларимиз кўп. Ҳужжатлар тўлиқ бўлмагани ёки Россиядаги каби талаблар туфайли ўқий олмаётган ўзбек болаларининг таълимдан узилмаслиги учун эҳтимол карантин давридаги каби онлайн дарсларни йўлга қўйиш зарур. Онлайн таълим имкониятлари, шаклларини кўпайтирадиган давр келди.
Тасаввур қилинг, “UzEDUGlobal” (тахминий ном) халқаро онлайн платформа қилинса:
• Консулликлар орқали соддашган рўйхатга олиб, хориждаги ўзбек оилаларини онлайн таълим тизимига улаш мумкин.
• 1–11-синф учун тўлиқ онлайн дарслар: видео дарслар, реал вақт режимидаги онлайн синфлар, тестлар ва топшириқлар берилиши мумкин. Тайм зоналарига мос мамлакатлардан туриб, Ўзбекистоннинг муайян мактабидаги синфхоналардаги дарсда қатнашиш ҳам мумкин.
• Ўзбекистон мактабларига интеграция учун сертификатлаш: четдан қайтганида тан олинадиган баҳолаш тизими.
• Рус тили ва бошқа хориж тизимларига мос “мослашув модули”: Россияда имтиҳонга тайёрлов курслари, тестни муваффақиятли топширишга имкон берувчи дарслар.
• Махсус ўқитувчилар корпуси: тажрибали педагоглар, диаспорадаги мутахассислар, хорижда ишлаган ўқитувчилар.
Бу ташаббус Ўзбекистоннинг ўз фарзандлари учун глобал шароитда ҳам масъулиятли эканини кўрсатади.
Бола мактабга кира олмаса — бу боланинг эмас, жамиятнинг имтиҳонидан йиқилгани.
Онлайн таълим эса бизнинг бу имтиҳондан ўтиш имкониятимиз. Менимча".
- https://t.me/dilroz_abrayeva/106@dilroz_abrayeva