
VR Capital Uzum’га 300 миллиард сўмлик сармоя ажратди
Uzum экотизими Америкадаги йирик инвестиция жамғармаларидан бири — VR Capital'дан 300 миллиард сўм миқдорида молиялаштириш олди. Бу тахминан 25 миллион долларга тенг.
Бу томонлар ўртасидаги иккинчи битим. VR Capital аввалроқ, 2025 йилда ҳам лойиҳага кирган ва асосий инвесторлардан бирига айланган эди. Бу эса Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ўсиш суръатларига бўлган ишончнинг амалий тасдиғи сифатида кўрилади.
Сармоянинг асосий йўналишлари:
• финтехни янада тез суръатда ривожлантириш
• рақамли банкингни кенгайтириш
• тўлов инфратузилмаси имкониятларини кучайтириш
• истеъмол кредитлари хизматларини масштаблаш
Шу билан бирга, битим Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгаяётганидан далолат беради. Трансчегаравий инвестиция ҳажмининг ортгани ҳам шу жараённинг бир қисми.
VR Capital Group президенти Ричард Дейтс Uzum’нинг ўсиш суръатларини юқори баҳолаб, финтех йўналишини маҳаллий инфратузилмага таяна олган кучли бизнес намунаси сифатида қайд этди.
Эктотизим асосчиси ва бош директори Жасур Жумаев эса молиялаштириш нафақат компания экотизими, балки мамлакатдаги рақамли иқтисодий жараёнларга ҳам туртки бериши ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, маблағнинг сўмда ажратилиши — миллий валютага ишонч ортганидан дарак.
Бугунги кунда экотизим онлайн савдо, рақамли ва анъанавий банкинг ва финтех хизматларини бирлаштирган йирик платформа сифатида ишламоқда. Ҳозирги пайтда экотизим хизматларидан 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчи фойдаланади.