Ўзбекистонда ижарачиларнинг ҳимояти ва ҳақлари кенгаядими?
Ўтган ҳафта янги таҳрирдаги "Ижара тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси якунланган.
Лойиҳа тегишли босқичлардан ўтгач, 34 йил аввал қабул қилинган ва ўз моҳияти ва долзарблигини йўқотиб бораётган қонунни янгилаши керак.
Урбанизация жараёнлари, мобилликнинг ошаётгани ва даромадлардан уй-жой нархларининг тезроқ ўсаётгани тобора кўпроқ Ўзбекистонликларни ижарачига айлантирмоқда. Шундай экан янги чақириқларга яраша янги кафолатлар керак бўлади.
Лойиҳада шундай ёндашувлар йўқ эмас. Хусусан, ижарага берувчи ижарага олувчини ижара ҳақи кейинги муддат учун ошириш нияти ҳақида камида уч ой олдин ёзма тарзда огоҳлантириши лозимлиги, ижара нархининг ҳар қандай ўзгариши асосланган бўлиши кераклиги, агар ижара ҳақи асосиз равишда оширилган тақдирда ижарага олувчи қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори шартномада белгиланган муддатларда, бироқ бир йилда кўпи билан бир марта тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкинлиги тўғрисида янги норма билан тўлдирилмоқда.
Шунигдек, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин янги муддатга мулк ижараси шартномасини тузишда шароитлар тенг бўлган ҳолларда бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ижарага олувчи вафот этган тақдирда унинг меросхўрларидан бири амал қилиб турган ижара шартномаси ва унинг шартлари асосида ўзини ижарачи деб эътироф этишни талаб қилиши ҳуқуқи киритилмоқда.
Ташаббускорларнинг қайд этишича, янги таҳрирни шакллантиришда Германия, Сингапур, Корея, Туркия қонунчилиги ва тажрибалари ўрганилган.