Заправкалар яна балогардонми?
Кечаги хавотирларимизда билдирганмиздек, Рақобат қўмитаси биржа нархларини шишираётган, тийилмаган импортчилар, ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган ишлаб чиқарувчилар билан жиддий шуғулланиш ўрнига, радарини ҳимояти йўқ заправкаларга қаратган (ўзбекнинг кичигига қийин, деган мақол бекорга тўқилмаган).
Қўмитанинг қайд этишича, суюлтирилган газ нархларини асоссиз оширмаслик бўйича профилактик мақсадларда огоҳлантиришлар юборилган ва қонунбузилиши ҳолатлари аломатлари бўйича иш қўзғатиш ишлари бошланган.
Худди шунақа "активизм" 2024 йил октябрь-ноябрь ойларида ҳам юз берганди. Ўшандаям тепада ўзаро тил бириктирган олигархия ва монополистлар қолиб, чакана савдо — заправкаларни айбдор кўрсатиш кузатилганди.
Пропан заправкаларга нархларни оширмаслик кўрсатмалари берилиши бу кўпга бормайдиган таъсир чоралари ҳисобланади. Оқибат ўлароқ сифат бузилади ёки шринкфляция бошланади.
Ваъда қилинган "коррекциялаштирувчи" чоралар ҳам балки иш берар, лекин таклифни ошириш ва рағбатлантириш, импортга маъмурий ва инфратузилмавий тўсиқларни олиб ташлаш йўлида жиддий қадамлар ташланмаса, дефицит яна ва яна пайдо бўлаверади. Хусусан, қўмита энг катта пропан ишлаб чиқарувчилардан — 4 млрд.долларлик GTL завод нима учун тўхтаб ётгани ҳақида бир суриштирув ўтказса ҳам фойдалироқ бўларди.
Бу орада пропан раллиси тўхтамаган, биржа нархлари 9,3 млн.сўмлик маррадан ҳам ўтган.
- https://t.me/RaqobatGovUz/11570@RaqobatGovUz
- https://t.me/uzexuz/8630@uzexuz