200 дан ортиқ тадбиркор Ироқда: барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилди
Ўзбекистоннинг 200 дан ортиқ тадбиркори Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрига етиб борди. Улар Яқин Шарқдаги йирик ва нуфузли халқаро кўргазмада иштирок этиш учун ташриф буюрган.
Мазкур ташриф Президент томонидан экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорларни янги ва юқори маржали бозорларга олиб чиқиш бўйича берилган топшириқлар доирасида амалга оширилмоқда. Тадбиркорлар Ироққа тўғридан-тўғри чартер рейс орқали етказилган. Чипта харажатлари, яшаш ва кўргазмада иштирок этиш билан боғлиқ барча сарф-харажатлар давлат томонидан қоплаб берилган.
Ўзбекистон учун 1000 квадрат метр майдонда миллий павильон ажратилган. Унда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, текстиль, электротехника, мебель ва Ироқ бозорида импорт талаби юқори бўлган бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда етиштирилган пиёз, лимон, Қува анорлари, турли консерва маҳсулотлари, ширинликлар ҳамда миллий таомлар — жумладан, консерваланган ўзбек ошлари ҳам кўргазмага олиб келинган. Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган, сақланиш муддати тўрт йилгача бўлган консерва маҳсулотлари экспортбоп маҳсулот сифатида тақдим этилмоқда.
Ироқ Яқин Шарқдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ҳисобланади ва араб давлатлари орасида импорт ҳажми бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Жумладан, мебель соҳасидаги импорт ҳажми йилiga 1 миллиард доллардан ошади.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳамда мутасадди вазирликлар вакиллари Ироқ бозори имкониятларини ўрганиб, тадбиркорлар билан бирга кўргазмада иштирок этмоқда. Томонлар ўртасида янги ҳамкорлик алоқалари ва экспорт шартномалари тузилиши кутилмоқда.
“Made in Uzbekistan” бренди остидаги миллий маҳсулотлар орқали Ўзбекистон тадбиркорлари Ироқ бозорига тизимли равишда кириб боришни мақсад қилган. Мазкур халқаро кўргазма эса бу йўналишдаги навбатдаги амалий қадам бўлади.